Афғонистон жанубида автобус портлади

Афғонистоннинг жанубий вилоятларидан бири бўлган Зобулда йўл четидаги бомбанинг портлаши оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди.

Шаҳрэ-Сафо туманида рўй берган ҳодисада ичида 25 йўловчи бўлган автобус портлаб кетди.

Зобул вилоят губернаторининг спикери Гул Ислом Сиёлнинг айтишига қараганда, ҳодиса якшанбадан душанбага ўтар кечаси рўй берди. У яна яраланган ва ўлганлар орасида аёллар ва болаларнинг ҳам борлигини қўшимча қилди.

Афғонистонда портлашлар ва отишмалар АҚШнинг ўз қўшинларини жорий йилнинг 11-сентябригача олиб чиқиб кетишини маълум қилгандан кейин янада кўпайди.

Толибон расмийлари кейинги ҳафтада рамазон байрами муносабати билан 3 кунлик отишувларни тўхтатиш эълон қилди.