АҚШда Буюк Депрессиядан кейин аҳоли сонида энг паст ўсиш кузатилмоқда

Аҳолини рўйхатга олиш бюросининг дастлабки маълумотларига кўра, сўнгги ўн йил ичида мамлакат аҳолисининг ўсиш суръати Буюк Депрессиядан бери энг секин бўлган, чунки туғилиш коэффициенти энг паст даражага, ўлим даражаси эса энг юқори даражага етган ҳамда АҚШга халқаро иммиграция ҳамон давом этмоқда.

Сўнгги ўн йил ичида ўндан зиёд штат аҳолиси икки хонали фоизга кўпайган бўлса, учта Иллинойс, Миссисипи ва Ғарбий Виржиния штатларида 2010 ва 2020 йиллар орасида аҳоли сонида аниқ камайиш кузатилди.

“АҚШ штатлари учун ўз аҳолисини йўқотиши нормал ҳол эмас”, – дейди Нью-Хемпшир университети социология фанлари профессори ва катта демографи Кеннет Жонсон. Аввалги аҳолини рўйхатга олиш жараёнида 2000 йилдан 2010 йилгача бўлган муддат учун фақат битта штат Мичиган аҳолисининг “соф зарари” қайд этилган эди, деди у.

Бу сафар Ғарбий Виржиния аҳоли сонида энг катта пасайиш – 3,2 фоиз қайд этилди. Бу тахминан олдингига нисбатан 60,000 камроқ одам деганидар. Миссисипи аҳолисининг 0,2 фоизини ёки тахминан 6000 кишини йўқотди. Иллинойс эса аҳолисининг 0.1 фоизини ёки 18000 га яқин аҳолисини бой берди. Илгари аҳоли сони бўйича бешинчи йирик штат ҳисобланган Иллинойс эндиликда Пенсилвания штатидан кейин олтинчи ўринга тушиб қолди.

Натижада, Иллинойс ва Ғарбий Виржиниялар ҳам Калифорния, Мичиган, Нью-Йорк, Огайо ва Пенсилвания билан бир қаторда АҚШ Вакиллар палатасидаги жойларидан айрилдилар. Миссисипи пасайиш кузатилганига қарамай, палатадаги ўз ўрнини ушлаб қолишга муваффақ бўлди.

Айни пайтда жанубий ва ғарбий штатлар энг катта ютуқларга эришдилар. Техас иккита қўшимча ўринга ва Колорадо, Флорида, Монтана, Шимолий Каролина ва Орегон штатлари эса биттадан ўринга эга бўлдилар.

Юта – аҳолиси энг тез ортаётган штат бўлиб, бу йилги ўсиш 18,4 фоизни ташкил қилди. Олдинги рўйхатга олиш ва соғлиқни сақлаш маълумотларини ҳисобга олган Жонсоннинг сўзларига кўра, штат табиий кўрсаткичи бўйича энг юқори ютуққа эгадир. Бу ерда ўлимга нисбатан туғилишнинг умумий даражаси юқорилигича сақланиб қолмоқда.

Умуммиллий миқёсда нималар бўлмоқда?

АҚШ аҳолисининг ўсиш суръати ўтган ўн йилликда “сезиларли даражада секинлашди”, деди матбуот анжуманида “Аҳолини рўйхатга олиш бюроси” директори вазифасини бажарувчиси Рон Жармин. Рўйхатга олиш натижаларига кўра АҚШ аҳолиси 7,4 фоизга ўсган – тахминан 309 миллиондан 331 миллионгача. Бу мамлакат учун 1940 йилдан бери энг паст ўсиш суръати ҳисобланади.

Минтақавий жиҳатдан Жанубда аҳоли усишининг 10% дан ортиғи кузатилди, ундан кейин Ғарбий, Шимоли-Шарқий ва Ўрта Ғарб илгарилик қилмоқда.

“Биз ўн йил давомида аҳолининг ўсиш суръатлари жуда юқори бўлмаганлигини кўрдик”, дейди Жонсон. “Мамлакат 2007 – 2010 йиллардаги катта инқирозга учраганидан сўнг, туғилиш коэффициенти пасайган ва энг ёмони у мутлақо тикланмаган. Ўтган йилги туғилиш коэффициенти биз қайд этган энг паст кўрсаткич бўлди.”

Иллинойс, Миссисипи ва Ғарбий Виржинияда нима гаплар?

Иллинойс, Миссисипи ва Ғарбий Виржиния штатлари мамлакат миқёсида ўсиш суръатларини пасайтириши билан бирга аҳоли ушбу штатлардан кўчиб кетмоқдалар.

“Албатта, Иллинойс штатида аҳоли камайишининг энг катта омили – бу мигрантларнинг, хусусан Иллинойс штатидан бўлган маҳаллий мигрантларнинг йўқотилиши бўлди”, деди Жонсон.

Чикаго Шимоли-Ғарбий Университетининг социология фанлари доценти Кристин Перческининг айтишича, Иллинойс штатидаги аҳолининг йўқотилиши “ажабланарли эмас” ва бу Аҳолини рўйхатга олиш бюросининг навбатдаги сўровномасида, Америка ҳамжамияти тадқиқотлари асносида олдиндан башорат қилинган эди.