АҚШнинг икки штати коронавирус бўйича Хитойга қарши даъво ишларини давом эттирмоқда

Американинг Миссисипи ва Миссури штатлари юз минглаб америкаликларнинг ўлимига сабаб бўлган коронавирус тарқалиши учун жавобгарликка тортиш учун Хитойга қарши даъволарини давом эттирмоқда, деб ёзади “Fox News”.

“Fox News”нинг ёзишича, Миссисипи ва Миссури ўтган йили эпидемиянинг дастлабки кунларида, собиқ президент Доналд Трамп маъмурияти Хитойни айблаётган пайтда, Хитойга қарши иккита даъво аризаси билан мурожаат қилишган.

Ҳуқуқий экспертлар суд шикоятлари узоқ давом этаётганидан огоҳлантирдилар. Чунки чет эл ҳукуматларига ички суд жараёнларидан иммунитет берилади. Аммо бу Хитойнинг жавобгарликдан озод қилинишини англатмайди.

Миссури ўтган йили апрель ойида Хитойни коронавирус пандемияси учун жавобгарликда айблаб судга мурожаат қилган биринчи АҚШ штати бўлди. Штат касаллик туфайли келиб чиққан ўта катта йўқотиш, инсонлар чеккан азоблар ва иқтисодий йўқотишлар учун товон пули талаб қилмоқда.

Хабарга кўра, ўтган йилнинг декабрь ойида Миссисипи суди Хитой Коммунистик партиясига ва бир қатор Хитой вазирликларига, шунингдек, вирус тарқалиб бошлаган Ухан вирусология институтига чақириқ юборган.