Ашхободда тиланчилар кўпаймоқда

Туркманистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошган сайин, пойтахт Ашхободда тиланчилар сони кескин ошиб бормоқда. Улар дўконларнинг, касалхоналарнинг эшиклари ёнида, бекатларда тиланчилик қилишмоқда. Полициячилар уларни ҳайдасада, бу инсонлар чорасизликдан фақатгина бошқа ерларга ўтиб яна машғулотларига давом этишмоқда.

Баъзи инсонлар уйма-уй юриб, хаста болаларнинг суратларини уй эгаларига кўрсатишмоқда. Улар орасида туркманлар ҳам, бошқа миллат вакиллари , ёшлар ва қариялар ҳам бор.

14-май жума куни Давлатмаммед Озодий масжидида эҳтиёжманд инсонларга имомлар 150 манатдан (қора бозорда $4 ) тарқатишди. Фақат бу пул тўпланганларга етмади. Ўша кундан бери деярли ҳар куни масжид эшиги олдида юзлаб инсонлар садақа учун тўплансаларда, бошқа ҳеч кимга ёрдам кўрсатилмади.