БААдаги бир сирли масжид-ал-Бадия

Бирлашган Араб Амирликларидаги масжидларнинг муҳташам кўринишига аллақачон кўзимиз ўрганиб бўлган. Лекин бугун ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз бу масжид улардан тамоман фарқ қилади. Ал-Бадия ёки иккинчи номи билан Усмония масжидининг қачон ва ким томонидан қурилгани ҳалигача номаълумдир. У Фужайра шаҳридан 30 км.узоқликда жойлашган ал-Бадия қишлоғида жойлашгандир. Баъзи тарихчилар уни тахминан 500 йил аввал қурилган деб ҳисоблашади. Масжид майдони бор-йўғи 53 кв.м.дан иборатдир ва 30 кишиликдир.

Бино маҳаллий материаллар:хом ғишт, тош ва гипсдан қурилган. Меъморларнинг фикрича, у БАА учун хос бўлган меъморий услубдан яққол фарқи қиладиган Ямандаги масжидларга кўпроқ ўхшайди.

Масжид томида икки метрли гумбаз бор ва унда ёмғир сувини йиғиш учун махсус тарновлар ўрнатилган. Бутун иншоотни марказдаги ягона устун ушлаб туради.