Байден: Мен Путинга инсон ҳуқуқлари бузилишига тоқат қилмаслигимизни айтаман

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтадиган учрашувида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариш ниятида эканлигини тасдиқлади.

“Мен президент Путин билан бир неча ҳафта ичида Женевада учрашаман. Мен унга четда турмаслигимизни ва инсон ҳуқуқлари бузилишига тоқат қилмаслигимизни аниқ айтаман”, деди Байден якшанба куни Делавер штатида бўлиб ўтган Хотира куни маросимдаги нутқи пайтида.

Москва ва Вашингтон аввалроқ Путин ва Байденнинг 16 июн куни Женевада учрашишини, бу Путиннинг АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп билан 2018 йил июль ойида Хелсинки шаҳрида бўлиб ўтган учрашувидан кейинги биринчи рус-америка саммити бўлишини тасдиқлашди.

Кремлнинг таъкидлашича, икки президент ҳозирги вазият ва Россия-Америка муносабатларини ривожлантириш истиқболлари, стратегик барқарорлик масалалари ва халқаро долзарб мавзулар, шу жумладан, Коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва минтақавий келишмовчиликларни ҳал қилиш бўйича биргаликдаги ишларни муҳокама қилишмоқчи.