Билл ва Мелинда Гейтс ажрашмоқда

27 йилдан сўнг Билл ва Мелинда Гейтслар никоҳларини тугатишга қарор қилдилар, дейилади Твиттердаги аккаунтларида.

“Ўзаро муносабатларимиз бўйича жуда кўп фикрлашлардан сўнг, биз ажралиш тўғрисида қарор қабул қилдик”, дейилади баёнотда.

Жуфтлик ўзларининг хайрия ташкилотлари “Билл ва Мелинда Гейтс” жамғармасини 2000 йилда биргаликда ташкил этишган. Ўшандан бери жамғарма соғлиқни сақлаш, қашшоқликни енгиш ва бошқа кўплаб лойиҳаларга 53,8 миллиард доллар сарфлаган.

“Биз учта ақлли фарзандларни тарбияладик ва бутун дунё бўйлаб одамларнинг соғлом ва самарали ҳаёт кечириши учун ишлайдиган пойдевор яратдик”, дейилади баёнотда.

Билл Гейтс дунёнинг энг бой одамларидан биридир. Блумберг Биллионирес Индекс рейтингига кўра, унинг бойлиги февраль ойида 137 миллиард долларни ташкил этган.

65 ёшли Билл ва 56 ёшли Мелинда, Билл Гейтс асос солган ва ўша пайтда бош директор сифатида ишлаган Майкрософтда учрашганлар. Улар Мелинда компанияга 1987 йилда ишга кирганидан сўнг, Нью-Йоркдаги бизнес-ланчда кўришиб қолишган.

Жуфтлик 1994 йилда Гаваяда турмуш қуришган.

Ўтган бир йил ичида Гейтслар Ковид-19 га қарши кураш, даволаш ва вакциналарни ишлаб чиқиш ҳамда уларни дунё бўйлаб тенг равишда тақсимлашда иштирок этдилар. Декабрь ойи ҳисоботларига кўра, жуфтлик глобал пандемияга қарши кураш учун жами 1,75 миллиард доллар сарфлаганлар.

“Биз янги ҳаётимизни бошлаганимиз асносида, оиламиз учун махфийлик сўраймиз”, – деди жуфтлик душанба куни ўз баёнотида.