Бир бегуноҳ қора танли тизим хатоси туфайли қамоққа тушди

Ню-Жерси штати, Питерсон шаҳрида яшовчи 31 ёшли қора танли Парксга бувиси 30 милл узоқликдаги Вудбридж шаҳри полициячилари уни қидириб келгани ҳақида телефон қилди. Бу қандайдир англашилмовчилик бўлса керак, деб ўйлаган эди Паркс.

Полиция қабулида барча ҳужжатлари билан турар экан, Паркс айбсизлигини исботлашга амин эди, лекин бу иш у ўйлаганчалик осон битмади.

Айбловлар жиддий эди: қасддан ҳужум, қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш, сохта ҳужжатлардан фойдаланиш, марихуана сақлаш, талончилик, жиноят жойини тарк этиш, полицияга қаршилик кўрсатиш. Бунинг устига, Паркс полиция ходимини машинада уриб юборишда ҳам айбланаётган эди.

Вудбридж полицияси томонидан ҳибсга олинган Паркс қамоқда 11 кун ўтказди.

Парксни бир йилга чўзилиши мумкин бўлган ҳуқуқий можаро, узоқ йиллик қамоқ ва унинг аввалги айбловлари оқибатида қўшимча муддат қўшиб берилиши кутаётган эди.

Қочқин гумонланувчи

Паркс гўёки амалга оширган жиноятлар 2019 йил 26 январь куни Ню-Жерси штати, Вудбридж шаҳридаги Ҳемптон Иннда содир бўлган. Маҳаллий полиция чақирувга асосан воқеа жойига етиб келди ва гумонланувчидан Теннесси штати ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб текширганларида, гувоҳнома соҳталиги аниқланди.

Полиция томонидан қўлга олиниши мумкинлигини билгач, гумонланувчи меҳмонхонадан югуриб чиқиб, машинага ўтириб, қочиб қолди. Таъқиб пайтида у бетон устун ва полиция машинасига урилди ва бир офицерни уриб юборишига оз қолди.

Жиноятга гувоҳ бўлган икки гувоҳ сохта Теннесси ҳайдовчилик гувоҳномасидаги расм улар кўрган шахснинг ўзгинаси дея полицияга айтдилар. Натижада полиция гумонланувчини аниқлаш мақсадида суратни маълумотлар базаси билан солиштирдилар. Ўрганишлар гувоҳномадаги шахс Найжир Паркс эканлигини “юқори аниқликда” тасдиқлади. Ҳозиргача Паркс ва унинг адвокати полиция қайси суратдан фойдаланганлигини билмайдилар.

Бундан бошқа асосли исбот-далиллари бўлмасада, Вудбридж полиция ходимлари, Мидлсекс Каунти прокурор ёрдамчиси Питер Настаси ва Вудбридж Муниципал суди судяси Девид Сталллар Парксни ҳибсга олиш учун ордер имзоладилар.

Умуман ўғлимга ўхшамайди

Ўғли ҳибсга олинганидан икки йил ўтган бўлсада, Патрисия Паркс ўз квартирасининг ошхонасида гумонланувчининг сохта ҳужжатдан катталаштирилган суратига термулиб турарди.

“У ўғлимга умуман ўхшамайди…бирор жойи ҳам”, – дейди она. “Одамлар барча қора танлилар бир-бирига ўхшайди дейишади. Лекин бу ёлғон.”

Найжирнинг айтишича гумонланувчи сирға таққан бўлган. “Қулоқларимга қараб менинг қулоқларимда хатто сирға учун тешикчалар йўқлигини кўришингиз кифоя эди.”, – деди Паркс.

Сиз мени ҳар қандай вазиятда ҳам қамаб қўйишингиз мумкин

Паркс эндилик бузилган ва поймол этилагн фуқаролик ҳуқуқларини қайта тиклаш учун курашмоқда. Паркс даъвосига кўра уни ҳибсга олишда иштирок этганларнинг ҳеч бири изоҳ беришни исташмапти. Март ойида судланувчилар ҳалигача давом этаётган суд ишини тўхтатиш ва бекор қилиш учун уриниб кўришди. Хатто судя Сталл ҳам изоҳ беришга ожиз қолмоқда. Паркс ҳали ҳам унга нега бундай муносабатда бўлганликларини тушунолмай азобланмоқда.

“Сиз мендан эркин юриш ҳиссини тортиб олдингиз. Мен полицияни кўришим биланоқ ларзага келяпман”, – дейди Паркс CNNга. “Сиз мени ҳеч бир сабаб ва асоссиз қамоққа ташлай олишингизни исботладингиз. Энг ёмони мен бу борада ҳеч нарса қила олмас эканман.”