Блинкен: Биз исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги зўравонликни тўхтатиш учун зимдан жадал иш олиб бормоқдамиз

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ Фаластин-Исроил можаро зонасидаги зўравонликларни тўхтатиш учун “парда ортида” интенсив ҳаракатларни амалга ошираётганини тасдиқлади.

Блинкен Копенгагенда даниялик ҳамкасби билан ўтказилган қўшма матбуот анжумани чоғида Вашингтон исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида зўравонлик авж олишидан жиддий хавотирда эканлигини таъкидлади. Шунга қарамай, АҚШ давлат котиби Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигини яна бир бор таъкидлаб, “Ҳамас” ва Ғазодаги бошқа гуруҳларни яҳудий давлатига қарши ракета ҳужумларини тўхтатишга чақирди.

АҚШ дипломатияси раҳбари барча томонларни тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирди.

Блинкен, шунингдек, Қўшма Штатлар журналистлар ва тиббиёт ходимларининг хавф-хатарга дучор бўлаётганидан ташвишланаётганини ва Исроилдан Ғазо шаҳридаги оммавий ахборот идоралари жойлашган бинога қилинган ҳужум ҳақида қўшимча маълумотларни талаб қилганини тасдиқлади.

АҚШ давлат котиби Блинкен, ушбу бинога қилинган ҳужум ҳақида Исроил томонидан берилган маълумотни кўрмаганлигини айтди.