Деҳлига кўпроқ крематорийлар керак

Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳри полицияси шаҳар расмийларидан крематорийлар учун кўпроқ жой ажратишларини сўради. Сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар рекорд даражада вафот этганликлари бунинг асосий сабаби ҳисобланмоқда.

Бешафқат вируснинг иккинчи тўлқини мамлакатни ожиз қолдиряпти: шифохоналар, ўликхоналар ва крематорийлар ўликлар билан тўлиб тошган. Ковидга чалинганларнинг сони мамлакат бўйлаб 18 миллиондан ошди.

Ўлимлар сони биргина Деҳли шаҳрида пандемия бошлангандан бери энг юқори кўсаткич – 390 тани ташкил этди. “Шаҳарда ўлим асосан Ковид билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Одамлар жой тақчиллиги туфайли вирус сабаб оламдан ўтган ўз яқинларини крематорий учун мўлжалланмаган жойларда ёқишга мажбур бўлмоқдалар. Шунинг учун биз кўпроқ крематорийлар ташкил этишни таклиф қилдик”, – дейди Деҳли полицияси расмийси НДТВ янгиликлар каналига берган интерьвюсида.

Кислород, тиббий ёрдам ва шифохоналарда ўринлар таъминотида жиддий муаммолар кузатилмоқда. Одамлар ўз яқинлари учун юқоридагиларнинг айримларини топиш учун ижтимоий тармоқларда илтижолар қилиш билан бандлар.

Мутахассисларнинг айтишича, тўлиқ локдаун ва вакцинация мураккаб вазиятдан чиқишнинг ягона йўлидир. Шанба кунидан Ҳиндистонда 18 ёшдан юқори бўлган барча вояга етган фуқаролар эмланиш ҳуқуқига эга бўладилар. Ҳиндистон дунёдаги энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчиси бўлса-да, унда эмланиши керак бўлган 800 миллион киши учун етарли вакцина заҳираси мавжуд эмас.

Бир нечта штатлар аллақачон вакцина етишмаслиги ҳақида хабарлар бермоқда. 20 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Ҳиндистоннинг молиявий пойтахти Мумбай шаҳрида мавжуд вакциналар заҳираси тугаб қолгани туфайли эмлаш уч кунга тўхтатиб қўйилган.