Дубай маликаси ёрдам кутмоқда

2018-йили Дубай амири шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактумнинг қизи малика Латифа Бирлашган Араб Амирликларидан қочишга уринган пайтида қўлга олинган эди. Жорий йилнинг февралида эса ҳозирда 35 ёш бўлган малика дунё аҳлига бир видео билан мурожаат этиб, отаси томонидан қамоқда ушланганлигини ва ҳаётининг хавф остида эканлигини айтган эди.

BBCга келиб тушган бу видеода малика Латифа унга махфий тарзда берилган қўл телефони воситасида бу видеони олганлигини айтиб, “Агар бу видеони томоша қилаётган бўлсангиз демак мен ё ўлганман, ёки жуда оғир бир аҳволдаман” деб қўшиб қўйган эди.

Малика шунингдек холи қолиши мумкин бўлган ягона жойнинг ҳаммом эканлигини, ҳовлисида 7 нафар полициячининг навбат билан пойлоқчилик қилган, ҳар ери қулфоғлиқ бир виллада мажбуран қамоқхона ҳаётини яшаб турганлигини айтган эди.

Маликанинг дўстлари у ғойиб бўлгач, унинг ҳолатини ўрганиш талаби билан БМТга ариза берган эдилар. Бунга жавобан амирликнинг берган баёнотида Латифанинг бахтли ва осуда ҳаёт кечираётганлиги айтилган эди.

Отасининг ўзи ҳақида нималарни режалаштириб турганини билмаган малика кун ўтган сайин тобора умидсизликка тушиб бораёганлигини айтиб, охирида бу аҳволдан жуда ҳам чарчаганлигини таъкидлаган эди.