Дунёдаги энг катта айсберг Антарктидадаги музликдан ажраб чиқди

Европа космик агентлигининг хабар беришича, Род Айленддан каттароқ айсберг Антарктидадаги муз қатламидан ажраб океанга тушган. Унинг майдони 1600 квадрат милдан кўпроқни ташкил қилиши ва бу дунёдаги энг катта айсберг эканлиги айтилмоқда.

А-76 деб номланган айсберг Рон музлигидан ажраб, Уэдделл денгизига тушган. Европа космик агентлигининг эгизак “Коперник Сентинел-1” сунъий йўлдошлари 13 май куни ушбу улкан муз бўлагининг синиш жараёнини қайд этган.

Океан ва Атмосфера, денгиз кучлари ва соҳил хавфсизлик миллий бошқармаси томонидан бошқариладиган АҚШ Миллий Муз Маркази воқеанинг эртаси куни ушбу ҳолатни тасдиқлади ва Уэдделл денгизидаги А-76 позициясини қайд этди.

Европа космик агентлиги маълумотларига кўра бармоқ шаклидаги айсбергнинг узунлиги тахминан 105 миль ва кенглиги эса 15 милни ташкил қилади. Унинг умумий майдони Нью Йоркнинг Манхеттен оролидан тахминан 70 марта каттароқ.

А-76 улкан бўлсада, бу тарихдаги энг катта айсбергнинг учдан бир қисминигина ташкил этади. НАСА Ер Обсерваторияси бундан 21 йил олдин Антарктиданинг Росс музлигидан ажраб чиққан Б-15 номли айсбергнинг майдони 4200 квадрат километрдан кўпроқ эканлиги ҳақида хабар берган.

Айсберглар қаерда ва қачон биринчи марта кузатилганига қараб номланади. Антарктида A, B, C ва D ҳарфли тўрт квадратларга бўлинган. Тегишли квадратда аниқланган ҳар бир янги айсбергга кетма-кетликда махсус рақам бириктирилади. Яқинда аниқланган А-76 айсберги А квадратида жойлашган Уэдделл денгизида АҚШ Миллий Муз Маркази томонидан кузатилган 76-айсберг бўлган.