Фаластинликларнинг ҳам яшашга ҳақлари бор!

Facebook ижтимоий тармоғига юкланган бир видео ҳар қандай инсоннинг эътиборини ўзига тортмай қолмайди. Видеода тасвирланишича, бир ота ўзининг икки нафар фарзандларига (Ҳала ва Сара) Рамазон Ҳайити куни совғалар олиб келганини, қизалоқлар совғалари билан ўйнамоқчи бўлиб турганларида ҳаво ҳужумидан дарак берувчи қирувчи самолётларнинг овозлари кела бошлаганини, оқибатда қизчалар қўрққанларидан ўйинчоқларини ҳам ташлаб яширинишга уринганликларини кўриш мумкин.

Аҳмад ал Манси фарзандларига қўрқмасликларини айтиб уларни ҳавотирланмасликка чақирган. Видеонинг бошланишида отанинг “Ҳала, самолёт овози келяпти. Ҳавотирланма! Ўйнайвер. Қўрқма! Хўпми?! Ҳаммаси жойида. Кел ёнимга… Бўлди, бўлди, ҳаммаси жойида Сара”, дея тинчлантирганини, қизчаларнинг эса оталарининг бағрида “Я Аллоҳ” деган гапларини эшитишингиз мумкин. Лекин афсуски ушбу видео отанинг охирги видеоси бўлиб қолди. Воқедан уч кун ўтгач ҳаво ҳужумлари оқибатида Аҳмад ал Манси ва унинг укаси Юсуф шаҳид бўлдилар. Аҳмад ва Юсуф ҳаво ҳужуми оқибатида яралангач, яна бир бошқа укалари Исроилнинг жиноятлари сабабли яраланганлар ва шаҳид бўлганлар ҳақида видеоҳужжат тайёрлаётган касалхонага олиб борилади. Кичик ука иккала акасининг шаҳид бўлганликларини, уларнинг ҳақларига дуо қилишларни сўраган.

Ушбу оила Фаластиндаги ҳаётлари, турмуш тарзлари ҳақида сўзловчи “YouTube” каналини юритишган.