Ғазодан отилган ҳар бир ракетани йўқ қилиш Исроилга жуда қимматга тушмоқда

Ғазодан отилган ҳар бир ракетанинг “Темир гумбаз” – ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан йўқ қилиниши Исроилга 50-100 минг доллар молиявий зарар етказмоқда.

Jerusalem Post газетасининг хабарларига кўра, Ғазодан қисқа масофага учириладиган ракеталарни ишлаб чиқариш нархи 300-800 долларни ташкил этади. Узоқ масофали ракеталар ишлаб чиқариш нархи ундан икки-уч бараварга ортиқ бўлиши мумкин.

Исроил матбуоти Ҳамасда 14 мингдан зиёд ракета борлигини, уларнинг баъзилари Тел-Авив, Ҳайфа ва Эйлат каби Исроил шаҳарларига етиб бориши мумкинлигини таъкидламоқда. Ҳамаснинг энг яхши ракеталари ҳам арзон нархларда эканлиги айтилмоқда.

Исроил расмийлари томонидан Ғазодан учирилган ракеталарни йўқ қилиш ҳаражатлари тўғрисида ҳеч қандай баёнот берилмаган.

Исроил армияси томонидан берилган баёнотда айтилишича, “Ҳамас” ва “Исломий Жиҳод” гуруҳлари Ғазодан Исроилга 3100 та ракеталар отган.

Исроил мудофаа вазири Бенни Ганц Ғазо секторига қарши ҳарбий операция 10 май куни бошланганидан бери “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими мингдан ортиқ ракеталарни йўқ қилганини эълон қилди.