Бугун 8 май куни Green Card натижалари эълон қилинади

Бугун, 2021 йил 8 май куни Тошкент вақти билан соат 21:00дан бошлаб Green Card лотереяси натижалари эълон қилинади.

АҚШ давлат департаменти томонидан 2022 йил учун эълон қилинган “Турли миллат вакиллари учун иммиграция визалари – DV” (Green Card) лотереясида рўйхатдан ўтган шахслар ютган ёки ютмаганлигини текшириб кўришлари мумкин.

Бунинг учун фақат АҚШ давлат департаментининг махсус сайти dvprogram.state.gov дан фойдаланиш лозим.

2020 йил 7 октябрдан 2020 йил 10 ноябргача рўйхатдан ўтганлар ўз идентификация рақамлари билан текширувдан ўтишлари мумкин.

Жавобларни текшириб кўриш жараёни 2022 йилнинг 30 сентябрига қадар давом этади.

Ҳар йили АҚШ ҳукумати АҚШга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар – DV» дастури орқали 50000 та доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил мобайнидаги иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ визалар миқдори белгиланади. Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади.

Қатнашчининг исми-шарифини лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларига ўтиш имкониятини беради.