Ҳиндистонда коронавирус юққан талаба дарахтда яшамоқда

Ҳиндистоннинг Теленгана штатида яшовчи 18 яшар талаба Рамават Шива Наик ўзини-ўзи яккалашнинг ноанъанавий усулини қўллади.

Ҳайдаробод шаҳридан қайтган Шива COVID-19 чалинганини тушунгач, ота-онаси билан қишлоғидан 5 километр узоқликда жойлашганкасалхонага боради, аммо хаста сони кўплигидан уни қабул қилишмайди. Йигитнинг уйи ҳам ўзини-ўзи яккалай олиши учун торлик қилди. Шунда талаба ҳовлида ўсган дарахтнинг шохларига бамбук ётоқни жойлаштириб, ўша ерда 14 кунлик муддатни ўтказишга қарор қилди.

 Шива кунбай ишлайдиган ота-онасига касалликни юқтирмаслик учун шундай қилганини айтади. Маҳаллий ОАВ у ҳақда ёза бошлашгач, йигитни қишлоқ яқинидаги махсус изоляторга олиб ўтишди.