Индианаполис ҳамон Fed Ex отишмаларининг “таъсирида”

АҚШнинг Индианаполис шаҳридаги сикхлар жамоаси шанба куни Fed Ex муассасасида ўтган ойда содир бўлган оммавий отишмада ҳалок бўлган саккиз ҳамкасбини ёдга олиш маросимини ташкил этдилар.

15 апрель куни содир бўлган ҳужум қурбонларидан тўрт нафари сикхлардан бўлиб, воқеа аҳил жамоани ларзага келтирди.

Шанба кунги маҳаллий футбол стадионида бўлиб ўтган маросим пайтида Индиана губернатори Эрик Холкомнинг айтишича, шаҳар “ҳанузгача ўша қоронғу тун таъсиридан халос бўлганича йўқ”.

“Нега бирор кунимиз ўша тундай қоронғи бўлиши керак? Нима учун фалокат жамоамизни, инсониятни парчалаши керак? Албатта, келгуси кунларимизни яшашда давом этамиз, лекин, бу оғриқ ҳам давом этади.”

Қотилликдан бир неча кун ўтгач, Сикхлар коалициясининг тарғибот гуруҳи жамият ушбу ҳужумдан қаттиқ таъсирга учраганини айтди. Расмийларнинг маълумот беришича ҳужумни 19 ёшли Брендон Скотт Хол амалга оширган. Кейинроқ Хол ўз жонига қасд қилган.

Америка Қўшма Штатлари бўйлаб қурол зўравонлигига қарши норозиликлар кўтарилган бир пайтда содир бўлган ушбу отишмага нисбатан расмийлар ҳанузгача бирон бир мотивни илгари суришмаган.

Қурол зўравонлигига қарши архиви бу йил АҚШда 170 та оммавий отишма содир бўлганлиги ҳақида маълумот бермоқда. АҚШнинг ушбу нотижорат ташкилоти тўрт ёки ундан ортиқ одам ҳалок бўлган ҳар қандай воқеани оммавий отишма дея таърифлайди.

АҚШ президенти Джо Байден оммавий отишмаларни “миллий шармандалик” деб атади ва унга қарши қатъий чоралар қўллашга ваъда берди.