iPhone 6 портлади, эгаси 5 миллион доллар талаб қилмоқда

Портлаш оқибатида Роберт Франклин  юз ва кўз жароҳати олди.

      Техас штатида яшовчи Роберт Франклин (Robert Franklin) Apple компаниясини  iPhone 6 смартфонининг портлаши оқибатида олган жароҳатлари туфайли судга берди.

      Франклиннинг айтишича, смартфоннинг аккумулятори носоз эди ва заряд олиш жараёнида сезиларди даража қизиб кетарди. Портлаш 2019-йилнинг 15-август куни содир бўлди, эгаси уни 2018-йили сотиб олган эди.

Смартфон эгасининг ўз даво аризасида ёзишича, ўша куни у iPhone 6 смартфонидан фойдаланиб, мусиқа эшитиб ўтирганди. Телефон бу пайтда заряд қилувчи мосламага уланган эди. Бирданига мусиқа тўхтаб қолади. Франклин нима бўлганини билиш учун телефонни қўлига олади ва тўсатдан портлаш рўй беради. Бунинг оқибатида смартфон эгаси юз ва кўз жароҳати олиб, йиқилиб тушади ва билагини ҳам қайириб олади.

     Франклин компенсация сифатида умумий ҳисобда 5 миллион доллардан кўп пул олмоқчи, деб қўшимча қилади манба.

     Сотиб олинган смартфоннинг харид чоғида янги ёки ишлатилган бўлганлиги номаълум.