Исроил: диний байрамда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлдилар

Исроил шимоли-шарқидаги диний фестивалда оммавий бетартибликлар оқибатида ўнлаб одам ҳалок бўлган. Бу ҳақида Исроил миллий фавқулодда хизмати “Маген Давид Адом (МДА)” хабар берди. Аниқ рақамлар кўрсатилмаган бўлсада, ўлим ҳолатлари мавжудлиги тасдиқланди ва яна ўнлаб ярадор борлиги айтилмоқда.

“Ҳааретз” газетасининг хабарига кўра энг камида 44 киши ҳалок бўлган. Фавқулодда хизматлар жароҳатланганларни эвакуация қилган. Бош вазир Бенямин Нетаняху буни “аянчли ҳодиса” деб таърифлаб, ҳалок бўлганлар учун дуо қилишини айтди.

Мерон тоғи этагидаги “Лаг Бомер” фестивали коронавирус пандемияси бошланганидан буён мамлакатда ўтказилган энг йирик тадбир бўлиб, унда вирус тарқалиши эҳтимоли юқори бўлишига қарамай ўн минглаб одамлар иштирок этган.

МДА ўнлаб ярадорларнинг ҳаёти учун курашмоқда ва “охирги жабрланувчи эвакуация қилинмагунча тўхтамаймиз”, – дейилади твиттердаги саҳифасида.

Воқеа қандай бўлган эди?

Илк ҳисоботларда айтилишича бинонинг бир қисми қулаб тушган. Лекин, МДА расмийлари кейинроқ у оммамий тўполон натижаси бўлганини айтдилар. Полициянинг Ҳааретзга маълум қилишича айрим байрам иштирокчилари зинадан сирғалиб кетган ва оқибатда қолганларнинг ҳам йиқилишларига сабаб бўлганлар.

Тармоқларда тарқалган видеоларда кўриниб турибдики минглаб одамлар воқеа жойида ўта зич ҳолатда бўлганлар. Бахтсиз ҳодиса юз бергач барча бирданига бетартиблик билан қочишга уринган. Хабарларга кўра, бир зиёратчи “бомба бор” дея ваҳима ҳам кўтарган.