Жорж Флойд намойишларида полиция биносига ўт қўйганлик учун 12 миллион доллар жарима белгиланди

Ўтган йили май ойида юз берган исён пайтида Миннеаполис полицияси участкасига олов қўйгани учун бир намойиш қатнашчисига 12 миллион долларлик жарима тўлаш жазоси белгиланди.

23 ёшли Дилан Шекспир Робинсонга нисбатан жарима жазоси билан бирга тўрт йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси ҳам тайинланди. Робинсон адвокатининг айтишича мижозининг бундай ҳажмдаги жаримани тўлашга “реал” имконияти йўқ. Диландан ташқари айбдор деб топилган яна уч кишига кейинроқ озодликдан маҳрум этиш ҳукми ўқилиши кутилмоқда.

Полиция биносида нима бўлган эди?

Ўтган йилнинг май ойида минглаб одамлар полиция томонидан ўлдирилган Жорж Флойднинг ўлимига норозилик билдириш учун Миннеаполис кўчаларига чиқишган эди. Миннеаполис полицияси ходими Дерек Чаувин, кейинчалик ишдан бўшатилиб қотилликда айбдор деб топилган бўлсада, Жаноб Флойднинг бўйин соҳасини тўққиз дақиқадан ортиқ вақт давомида тиззаси билан босиб турган видеоси тарқалган эди.

Намойишчилар орасида Миннеаполисдан 120 милл шимолда жойлашган Брейнерд шаҳарчасидан бўлган Дилан Робинсон ҳам бор эди. Прокурорларга кўра, Робинсон Молотов коктейлини тайёрлаган, яна бир бошқа шахс эса уни Миннеаполиснинг учинчи полиция участкасига улоқтириб бинога ўт қўйган.

Робинсон олов қўйганлик учун айбдор деб топилди. Воқеанинг бошқа иштирокчиларининг ҳам айбдорлиги исботланган бўлсада, уларга ҳали хукм ўқилмади.

Тўрт кишининг вакили ҳисобланган Робинсоннинг адвокати 23 ёшли йигит ўтган йилги тартибсизликларда иштирок этган минглаб қатнашчилар орасидан алоҳида танлаб олиниб айбдор қилинаётганини иддао қилмоқда. “Тартибсизликларда иштирок этган бошқа минглаб одамлар учун у жазо ўташга ҳукм қилинмоқда “,- дейди жаноб адвокат Уилям Маузи Нью-Йорк Таймсга.

Жарима қандай тўланади?

Тўрт йиллик қамоқ муддатидан ташқари, Робинсон 12 миллион доллар миқдорида жарима ҳам тўлаши керак. Жарима бир неча усулларда ундирилиши белгиланган. Робинсон жариманинг фақат жуда кичик миқдорини тўлаши мумкин. “Зарарнинг бир қисмини қоплаш қолган уч нафар айбланувчиларнинг ҳам зиммасига юклатилиши керак”, – дейди Жаноб Маузи. “Лекин айбланувчиларнинг ҳеч бири бу қадар катта суммани тўлаш қобилиятига эга эмас”.

АҚШ суди бундай катта миқдордаги жарима жазосини биринчи марта қўллаётгани йўқ. 2018 йилди Орегон штатидаги судя 15 ёшли ўспиринга “ўрмонга ўт қўйганини тан олганидан сўнг” 36 миллион доллар миқдорида жарима тўлаш жазосини қўллаган. 15 ёшли айбдорнинг адвокати ҳукмни “абсурд” ва “мутлақо аҳмоқона” деб атаганди.