Калаши ёхуд хунзалар ким?

Покистон Ислом Республикасида мусулмон бўлмаган ва ташқи кўриниши билан барчанинг диққатини ўзига тортадиган сирли бир миллат-калаши ёки хунза халқи истиқомат қилади. Умумий сони 4 мингдан ошмайдиган хунзалар Покистоннинг шимоли-ғарбида, Читрал дарёси ва афғон чегараси ўртасида жойлашган 3 тоғли водий:Бумбурет, Румбур ва Бирирда яшайдилар. У ерга етиб бориш унчалик қийин эмас. Аввал мамлакат пойтахти Исломободдан Хайбар-Пахтунхва вилоятининг туман марказига автобусда бир кун ёки учоқда бир соат сарфлаб бориш керак.Читралдан эса калашиларнинг қишлоқларига 2-3 соатта етиб борса бўлади.

Калаши халқининг тили Читрал аҳолисининг тилига жуда ўхшаб кетади. Улар яна паштун ва урду, баъзилари эса инглиз тилида ҳам гаплашадилар. XX асрнинг охиригача уларнинг алифболари йўқ эди,кейин лотин ҳарфларини ишлата бошладилар.Калашилар—бу минтақада исломни қабул қилмай, ўз диний эътиқодларига содиқ қолган ягона халқдир. Уларнинг яшаб келган ерлари азалдан «Кофиристон» деб аталган ва бу ерларда мусулмон бўлмаган бошқа қабилалар ҳам яшаб келишган.

 1893-чи йили Иккинчи инглиз-афғон урушидан Британия ва Афғонистон «Дюранд чизиғи» билан боғлиқ шартномани имзолайдилар ва бу чизиқ орадан ярим аср ўтгач, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегаранинг белгиланиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Дюран шартномасининг натижасида Кофиристоннинг каттагина қисми афғон амирининг таъсир доирасида қолади. Йиллар давомида афғон қўшинлари водийга бостириб кираверадилар ва афғон муллалари оқибатда маҳаллий аҳолига мажбурий шаклда исломни қабул қилдиришади. Британия назорати остидаги Читралда яшаган хунзалар эса ўз эътиқод ва урф-одатларини инглизларнинг кўмагида асраб қоладилар ва мусулмон бўлишдан бош тортадилар.

Покистон ислом республикасида калашиларга виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатланган ва улар бемалол ўз динларига эътиқод қилишлари мумкин. Бунга қарамай, уларга баъзан ҳужум қилиш ва ҳақоратлаш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Баъзи хунзалар ўз истаклари билан исломни қабул қиладилар, бунинг икки асосий сабаби бор: мусулмонлар билан турмуш қуриш ёки мусулмон жамиятда иш топиш, нуфузли олийгоҳга кириш ва мусулмонлар билан алоқаларни яхшилаш. Аста-секин хунза қишлоқларида масжидлар пайдо бўлмоқда.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, калашиларнинг миллий дини кўпроқ ҳиндуийликка ўхшаб кетади ва уларнинг эски юнон ва славян пантеизмига эътиқод қилишлари ҳақидаги гап-сўзлар чўпчакдан бошқа нарса эмас. Гап шундаки, маҳаллий афсоналарга қараганда, бу миллат Македонияли Искандар аскарларининг авлодлари эмиш. Ислом таъсири остида уларнинг дини яккахудолик ғоясини қабул қилди ва ҳозирда улар бош худо-Дезауга сиғинишади, қолган худолар эса руҳларга айлантирилди. Шунингдек, уларнинг инсон қиёфасига кира оладиган ва овлоқ жойларда яшайдиган жинлар ва парилар ҳақидаги эътиқодлари ҳам ислом таъсири остида шаклланган бўлиши мумкиндир.

Калашиларнинг ўзига хос ибодат ерлари бордир. Очиқ осмон тагидаги бирон тошқоя ёки чинор дарахтининг каттароқ бўлаклари танлаб олинади, устига эса ёғочдан ишланган икки ёки тўртта от боши ўрнатилади. Худди шу ерда қурбонлик келтирилади-овқат олиб келинади ёки эчки кесилади. Эчки калашиларда муқаддас ҳайвон ҳисобланади, унинг қони ёвуз руҳлардан инсонларни ҳимоя қилади.  Ёпиқ ибодатхоналар эса оила ва хонадон ҳомийси-маъбуда Жестак шарафига жестакхона деб аталади. Жестакхоналарда қишлоқ аҳолисининг мажлислари, никоҳ, маърака каби муҳим маросимлар ўтказилади. Ибодатхонанинг ёғоч устунлари отлар ва қўйларнинг ёғочдан ишланган каллалари билан безатилади.

Хунзаларнинг табиат мавсумлари билан боғлиқ байрамлари бор, улардан учта асосийсини кўрсатиб ўтамиз:май ўртасида Чилам Жоши-баҳор фестивали, агустда Учау-ҳосил байрами ва декабрда Чаумос-қиш қуёши байрами. Калашилар байрамларида дўмбирага ўхшаш мусиқа асбоблари чалиб рақсга тушади, қўшиқ айтади ва ҳосил, хурсандчилик учун худоларига миннатдорчилик билдиради.

Бундай рақслар ва қўшиқлар дафн маросимларида ҳам ижро қилинади. Эски замонларда калашилар жасадни ерга кўммасдан, тобутни ер устида қолдириб кетаверишган. Тобут ичига марҳумнинг ҳаётлик чоғида ишлатган меҳнат қуролларини, шахсий ашёларини ҳам қўйишган. Эски мозорларда ҳали ҳам чириган тобут тахталари орасидан кўриниб турган инсон суякларига дуч келиш мумкин. Фақат ўғрилар тобутларни очиб, қимматли ашёларни ўғирлайвергач, хунзалар уларни мусулмон ва христианлар каби ерга кўма бошлайдилар. Мозорга ёдгорлик сифатида ёғоч инсон ҳайкали ўрнатишади ёки ҳайкал қиммат бўлса, тўқилган каравот қўйишади.

Калаши эркаклари Покистон ва Афғонистондаги эркаклар каби шалвар-камиз ва пакол деб аталадиган бош кийими кийишади ва бир қарашда уларни мусулмонлардан ажратиб бўлмайди. Фақат баъзан паколга қадалган қуш патидан буни тушуниш мумкин.

Калаши аёллари ўзларининг миллий либослари-ёрқин гулли кашта тикилган кенг қора кўйлакларини кийишни афзал кўришади. Бўйниларига каури чиғаноғидан тайёрланган маржонлар осишади. Мусулмон бўлганлари эса дарҳол ҳижобга киришади ва маҳаллий диндор аёллар каби бўлишга ҳаракат қилишади.

Калашилар оқ юзли, сариқ сочли, мовий ёки кўк кўзли бўлганликлари учун кўплаб тадқиқотчиларнинг эътиборини тортиб келишган. Фақат уларнинг жанубий Болқон, яъни Македония ёки Юнонистондан кўчиб келганликлари ҳақидаги гипотезалар ҳали ҳам ўз исботини топмади. Уларнинг ўзларига хос урф-одатлари ва маданиятларини кўриш учун ҳар йили кўп сонли туристлар ва тадқиқотчилар калаши қишлоқларига ташриф буюришади ва шу йўл билан бу халқ ўз моддий аҳволини яхшилашга муваффақ бўлмоқда.