Куинс узра Бухоро ифори

Куинсдаги Рего-Парк микрорайонида жойлашган “Роҳат“” яҳудий нонвойхонаси

Нью-Йоркнинг машҳур Таймс-сквэр майдонидан метро билан 30 дақиқалик масофада Куинснинг Форест-Хилл микрорайони жойлашган. Бу ерда  Марказий Осиёдан келиб жойлашган Бухоро яҳудийлари яшашади. Форест-Хилл ва унга қўшни Рего-Парк ва Кью-Гарденс микрорайонларида уларнинг сони тахминан 50 мингга яқиндир.

Бухоро яҳудийлари келиб чиқиши Марказий Осиё, Жануби-шарқий Осиё, Лотин Америкаси ва Африка бўлган қўшнилари билан яхши муносабатларни йўлга қўйиб олишган. Улар ўз миллий қадриятларини сақлаб қолиш билан бирга Бухоро ва умуман олганда Ўзбекистон билан алоқаларни ҳам узмасликка ҳаракат қиладилар.

 Бухоро яҳудийлари кўпчилиги Марказий Осиёлик бўлган мусулмон қўшнилари билан тинч-тотув яшаб келаётганликлари, зарур ҳолатларда бир-бирларига  ёрдам беришлари билан фахрланадилар.

Бухоронинг Бродвейи

Куинсдаги 108-чи кўчани бежизга “Бухаронинг Бродвейи”, деб аташмайди.  Бу ерда ҳам маҳаллий инсонларни, ҳам туристларни ўзига жалб қиладиган Бухоро таомлари пишириладиган ошхона ва ресторанлар жойлашгандир. Коронавирус пандемиясидан олдин ҳар оқшом King David ва Da Mikelle каби машҳур ресторанлар тўйлар ва туғилган кунларни нишонлаётган, йорцайт деб аталадиган махсус шамларни ёқиб, марҳум яқинларини хотирлаётган яҳудийлар билан гавжум бўларди.

Шуниси диққатга сазоворки, яҳудийлар кўпинча ўз ошхоналарида ишлаш учун ўзбек ёки тожикларни таклиф қиладилар ва буни уларнинг ишончли, ҳалол инсон эканликлари, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмай, астойдил меҳнат қилишлари билан изоҳлайдилар.

Куинсда 2002-чи йилдан бошлаб Куинс яҳудий институти фаолият кўрсатмоқда, у ерда 800-га яқин болалар таълим олишмоқда. 2005-чи йилда эса янги 5 қаватли бинода Бухоро яҳудийлари жамоасининг маркази очилди, тожикча Канисойи калон деб аталадиган бош синагога ҳам шу ерда жойлашган. Айтиш керакки, яҳудийлар Америкада ҳам тожик тилининг Бухорога хос шевасидан воз кечмадилар, инглизча гапирганларида ҳам бу тилдан олинган сўз ва ибораларни аралаштириб сўзлашадилар.

The Bukharian Times газетеси Бухоро яҳудийларининг асосий газетаси ҳисобланади, ундан ташқари яна ўнлаб газета ва журналлар ҳам уларнинг кундалик ҳаётларини ёритиб боради. “Кайков ТВ“ номли телеканал эса томошабинларни бу халқнинг тарихи ва маданияти билан таништириб боради.

Бухоро яҳудийларининг маданий ҳаётида мусиқа катта роль ўйнайди. Мумтоз мусиқанинг баъзи машҳур ижрочилари ҳозирда Нью-Йоркда яшаб ижод қилишмоқда ва Карнеги-холл каби дунёга машҳур ареналарда олқишларга сазовор бўлишмоқда.

 “Қадимда Бухоро амирининг саройидаги шашмақом ижрочиларининг орасида кўплаб Бухоро яҳудийлари бўлган”, – деб ҳикоя қилади ҳуқуқшунос Борис Некталов.

2002-чи йили очилган ва Куинснинг Элмхерст микрорайонида очилган Бухоро яҳудийлари маданий мероси музейи мусиқа асбоблари, архив ҳужжатлари, суратлар, китоблар ва 400-йиллик тарихга эга Тавротни ўз ичига олган бой коллецияга эгадир.