Маҳмуд Дарвешнинг йўқолган жаннати

Фаластинлик машҳур ёзувчилардан бири Ҳассан Канафаний ҳақида маълумот берган эдик. Бугун ҳам шу ўлкадан етишиб чиққан, Фаластин халқининг миллий шоири сифатида тан олинган, бир қатор адабий мукофотлар совриндори , шоир ва ёзувчи Маҳмуд Дарвеш билан таништирмоқчимиз.

Маҳмуд Дарвеш 1941-йилнинг 13-мартида Фаластиннинг ал-Бирва шаҳрида дунёга келади. Бу шаҳар Ғарбий Галилея (Жалила) минтақасига оид ҳисобланади. Исроил давлати эълон қилингач, Дарвеш оиласи Ливанга кўчиб кетишга мажбур бўлади. Бир йил сўнгра қайтиб келадилар ва Дир ал-Асад деган жойга ўрнашадилар.  Дарвеш Кфар Ясифадаги ўрта мактабга қатнай бошлайди. Бир муддат сўнгра у Хайфа шаҳрига кўчиб ўтади.

19 ёшида Дарвеш ўзининг илк Қанотсиз қуш деб номланган шеърий тўпламини нашр қилади.

1970 –йили Маҳмуд Дарвеш Москвага кетади ва Москва Давлат Университетида бир йил таҳсил олади. Бир муддат сўнгра Мисрга кетган Дарвеш 1973-йили Фаластин Озодлик Ташкилотига аъзо бўлади. Натижада унга Исроилда яшаш таъқиқланади.

1983-йили Дарвешга “Халқлар ўртасида тинчликни мустаҳкамлагани учун” халқаро Ленин мукофоти топширилади. Собиқ Шўроларда унинг бир қатор асарлари нашр қилинган эди.

1995-йили шоир Исроил ҳукуматидан Хайфага дўсти Эмиль Ҳабибийнинг жанозасида қатнашиш учун келишга рухсат сўрайди. Унга шаҳарда 4 кун қолишга рухсат берилади.

Дарвешнинг шеърларида марказий ўринни йўқотилган жаннат ва ҳижрон сабаби бўлган Фаластин соғинчи тутгандир.

Дарвеш 2008 йили АҚШда юрак касаллигидан вафот этади.

Фаластин Озодлик Ташкилоти унинг ўлими муносабати билан 3 кунлик мотам эълон қилади.

Шоирнинг жасади учоқ билан Иорданияга, у ердан эса Рамаллахга олиб келинади ва Фаластин байроғи билан ўралган тобутда дафн қилинади.