Марс дрони тўртинчи синов парвозида муваффақиятсизликка учради

NASA 29 апрель, пайшанба куни Марс Ingenuity дрони режалаштирилган синов парвоз дастурини бажара олмаганлигини эълон қилди. Мутахассислар ушбу муваффақиятсизлик сабабини аниқлашга уринмоқдалар.

NASA илгари эълон қилганидек, Ingenuity дрони тўртинчи синов парвозини амалга ошириши керак эди.

“Марс вертолёти тўртинчи синов парвозида сайёра юзасидан кўтарила олмади. Айни пайтда мутахассислар бунинг сабабларини ўрганмоқда ва тез орада яна ҳаракат қилинади”, – дейилади NASAнинг Твиттер-даги баёнотида. Агентлик навбатдаги синов кунини аниқламаган, аммо Марснинг масофаси ва вертолёт билан секин алоқани ҳисобга олган ҳолда, бу камида бир кун кейин бўлиши мумкин.

Шуни таъкидлаш керакки, Ingenuity дрони ўтган февраль ойида Қизил сайёрага қўнган Perseverance миссиясининг бир қисмидир.