Миллиардерлар жанги: Жефф Безос Space X га қарши

Blue Origin NASA ва Space X ўртасида тузилган ойга фазогирларни юбориш бўйича 2.9 миллиардлик шартномани савол остига олмоқда. Бу кураш дунёнинг икки энг бой кишиларига қарашли ракета ишлаб чиқарувчи компаниялар ўртасида бўлиб ўтмоқда: Blue Originга Жефф Безос асос солган бўлса, Space Xнинг раҳбари Элон Маск ҳисобланади.

Низо дастлаб NASAнинг Артемис ойга қўниш миссиялари учун ой орбитасига фазогирларни олиб чиқишга мўлжалланган космик кема яратиш мақсадида икки хусусий сектор компаниялари ўртасида рақобат бўлиши кераклиги ортидан келиб чиқди. Бироқ, шу ойнинг бошида NASA Space X билан лойиҳа учун ягона пудратчи сифатида келишиб олганини эълон қилди. Бу қарорнинг асосий сабаби сифатида харажатларнинг мўътадиллиги келтирилди.

Хабарни биринчи бўлиб Нью-Йорк Таймс ёритди. Blue Originнинг бошқарувчи директори Боб Смит Blue Origin таклифидаги афзалликлар нотўғри баҳолангани ва Space Xнинг техник муаммолари мавжудлигига қарамасдан NASA уни танлагани учун қарорга номукаммал дея баҳо берди.

Blue Origin билан бир қаторда шартномалар учун рақобат қилаётган учинчи компания – Алабама Дайнетикс ҳам NASAнинг қарорига ўз норозилигини билдирди.

“NASAнинг ўз сўзлари билан айтганда, ташкилот “юқори хавфли” танловни амалга оширди”, – дейилади Blue Origin баёнотида. “Уларнинг қарори рақобат учун имкониятларни йўққа чиқаради, таъминот базасини сезиларли даражада торайтиради ва Американинг ойга қайта қўнишини нафақат кечиктиради, балки хавф остига ҳам қўяди. Шу сабабли биз норозилик билдирдик.”

Blue Origin ой орбитасига чиқиш дастури учун хизмат қилувчи Гейтвей космик станциясини ва NASAнинг ўзи ой орбитасига учиришни режалаштирган ойга қўнувчи аппаратни (moon lander) лойиҳалаштириш таклифи билан чиққанди. Дайнетикс ҳам шунга ўхшаш таклифни билдирганди.

Space X эса, Жанубий Техасдаги ривожланишнинг дастлабки босқичларида бўлган “Starship” космик кемаси ва ракета тизимидан фойдаланишни илгари сурди. Space X учун “Starship” дан асосий мақсад Марсга инсонларни етказишдан иборат бўлсада, лекин компания NASAнинг Артемис ой дастурига хизмат қилиш учун “Starship” нинг модификацияланган версиясини намойиш қилган.