Мўғўлистондаги ҳазора талабалар

Мўғўлистон пойтахти Улан-Баторни (туркийда Алвон Ботир) хорижда таҳсил олишга ниятланган талабалар учун орзулар диёри деб аташ қийиндир. Фақат, бир гуруҳ Афғонистонлик талабаларга бу шаҳар таълим олиш ва стипендия билан бирга урушлар оқибатида вайрон бўлган ватанларида ҳеч қачон кўрмаган тинч ҳаёт имконини тақдим қилди. Мўғўлистон Халқаро Университетининг гавжум ошхонасида ўтириб, ўзи ҳақида ҳикоя қилаётган, Бомиён вилоятидан келган 21 яшар ҳазора талабаси Нозим Соҳил  бу мамлакат ҳақида авваллари билганлари  фақатгина отлар ва Чингизхондан иборат бўлганлигини тан олади. Ҳозирда Соҳил ва яна 22 нафарга яқин ҳазора миллатига мансуб йигит ва қизлар  Мўғўлистон ҳукуматининг махсус таълим гранти программасининг доирасида бу мамлакатда турли йўналишлар бўйича таҳсил олмоқдалар.

Афғонистонликлар ҳазораларни  XIII асрда бу ерга келиб жойлашган Чингизхон аскарларининг авлодлари деб  ҳисоблашади. “Ҳазора” сўзи форсчада  “минг” деганидир ва эшитганингизда сон-саноқсиз мўғўл лашкарларини кўз ўнгингизга келтиради.

Ҳазораларнинг кўпчилиги шиаликнинг Исмоилия оқимига мансубдир ва кўринишлари мўғўл ёки қалмиқларни эслатади. Сунний қўшнилари уларни одатда ёқтирмайди, айниқса Толибон уларни қириб ташлаш ҳақида фатво ҳам берган эди. Айниқса 1998 йили Мозори Шариф ва кейинги йилларда Бомиёндаги ҳазора қишлоқларига уюштирилган қирғинлар бунинг яққол далилидир.

 2009 году Даваабат Саинбаяр Мўғўлистоннинг  “Цахим Уртуу” (Электрон канал) нотижорат ташкилотининг директори сифатида дунёнинг турли мамлакатларида яшовчи ўз миллатдошлари ҳақида кўрсатув тайёрлаш жараёнида Қобулдаги ҳазоралар билан учрашади.  “Фақатгина мўғўл миллатига мансубликлари туфайли дискриминация ва таҳқирлашга мудом учрайдиган инсонларнинг ” ҳаётидан у шокка тушади.  Уч ойдан кейин Саинбаяр Мўғўлистон ҳукуматининг ёрдамида  “Цахим Уртуу” номли стипендия лойиҳасини ишлаб чиқади ва ҳазора ёшларига тақдим этади. “Бизнинг мақсадимиз-этник мўғўл сифатида қабул қилганимиз бу талабаларга ёрдам бериш ва бу ишдан қандай натижага эришиш мумкинлигини билиш эди “, – дейди лойиҳа ташкилотчиси.

Илк босқичда танлаб олинган уч ҳазора ёшлари тил тайёрлов курсларига жўнатилди.  9 ойлик курсни битиришгач, 2009 йили ёшлар Мўғўлистон Миллий университетига талаба сифатида қабул қилиндилар. Лекин ҳануз улар учун тил муаммоси асосий муаммо бўлиб қолмоқда. Бизнес ва бошқарув факультетининг талабаси Заҳро Бахш бу ҳақда шундай дейди-,” Ўқитувчилар кўпинча бизга дарсларни мўғўлчадан инглизчага, шунда ҳам тушунмасак, форсчага таржима қилишга мажбур бўлишади”.

Кўпчилиги қочқин сифатида Эрон ва Покистонда бир муддат яшашга мажбур бўлган ҳазора талабалар учун Мўғўлистон биринчи марта тинч ҳаёт кечириш имконини берган мамлакат бўлди. Масалан, “Цахим Уртуу”  стипендиати Маҳдод Солиҳийнинг айтишича, у Мўғўлистонгача бутун ҳаёти давомида қочқин сифатида яшаб келган. Ҳозирда халқаро алоқалар соҳасида таълим олаётган Солиҳий Толибон режимидан Эронга қочиб борган оилада дунёга келади. Форс тилида гаплашадиган ва шиаликка эътиқод қиладиган ҳазоралар бу мамлакатда ўзларини хотиржамроқ ҳис қиладилар.

Афсуски, ҳазоралар Эронда ҳам қатор муаммолар билан қаршилаштилар. “Афғонистонлик тожик ва ўзбек қочқинлар Эронликларга кўпроқ ўхшайдилар. Ҳазораларни эса юз тузилишлари мўғўллларга ўхшагани учун қабул қилишлари қийин”, – деб ҳикоя қилади Солиҳий. Эронда иш тополмаган ва фарзандларини ўқита олмаган Солиҳий оиласи 1990-чи йилларнинг ўрталарида яна Афғонистонга қайтади. Бу пайтда мамлакатнинг катта қисми аллақачон Толибон жангариларининг қўлига ўтиб бўлган эди. Уларнинг ҳужумлари туфайли оила яна Эронга қайтади, фақат бу сафар уларнинг бошига  шундай қийинчиликлар келадики, яна Қобулга кетишга мажбур бўладилар.

“Афғонистонга иккинчи бора қайтиб борганимиздан кейин 11-чи сентябрь воқеалари бошланди. Америкаликларнинг ватанимизга ҳужумидан қўрқиб, бу сафар Покистонга қочдик”. Ҳозирда оила яна Афғонистонда истиқомат қилмоқда.

Мўғўлистон Бомиёнлик яна бир талаба Насим Соҳилнинг орзуларини амалга оширди. “Ниҳоят менга ёрдам берган, мени қўллаб-қувватлаган ва менга: “Ҳа, сен менга бегона эмассан”дейдиган мамлакатдаман.  Ватаним Афғонистонда эса менга қулга қилинган муомалани қилишди ва ҳайдаб солишди”, – дейди йигит.  Афғон одатига кўра соч-соқолини қизил хинога бўяб олган Соҳил талабалик ҳаётининг энг ёқтирган томонининг эркинлик бўлганини қайта-қайта такрорлайди. Лекин йигит барибир Афғонистонда тинчлик ўрнатилса, ватанига албатта қайтмоқчилигини айтади. “Келиб чиқишим мўғўл экани ўзимга албатта ёқади, аммо менинг ватаним-Афғонистондир”.

Улан-Баторда таҳсил олаётган ҳазора ёшлари ватанларини қўмсаш билан бирга у ердаги нотинч вазиятни, хавф-хатар остида яшаётган яқинларини ҳам асло унутмайдилар. “Ҳар сафар Қобулдаги портлашлар ёки отишмаларни эшитганимда даҳшатга тушмасликка ва ёмон нарсалар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиламан”, – дейди Маҳдод Солиҳий.

Ватандаги вазиятни қисқача изоҳлаб беринг, деган илтимосга Заҳро Бахш бир дақиқага ўйланиб қолдида,: “Афғонистон-ҳеч ким еча олмайдиган афсун ва сеҳрдир”-деб жавоб берди.

Мўғўлистон ҳукумати ўз миллатдошлари сифатида қабул қилган ҳазора ёшлари учун ҳар йили 20 та таълим грант ажратади. Мўғўлистонлик мухбирлар уларнинг ҳаёти ҳақида доимий равишда лавҳалар тайёрлашади.

Мўғўлистонда илк кез ҳуқуқ соҳасида таҳсил олаётган ҳазора талабалар