Нима учун америкалик сиёсатчилар Исроилнинг ҳаракатларини “апартеид” деб айтиша олмайди

Сўнгги бир неча ҳафта ичида Исроил фаластинликларга қарши шафқатсиз зўравонликларини кучайтирар экан, кўпчилик Байденнинг янги маъмуриятидан қандайдир кескин муносабат кутишганди.

Баъзи фаластинликлар, шунингдек, АҚШ қонун чиқарувчи органининг “прогрессив” аъзоларидан ундан ҳам кўпроқ нарсани кутишди.

Америка сиёсатчилари Исроилнинг Фаластин ерларини босиб олиш ҳаракатларини “босиб олиш”, “апартеид” (ажратиш сиёсати, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий камситиш тизими), “мустамлакачилик” ва “этник тозалаш” каби ҳақиқатни англатувчи сўзларни ишлатмасликлари нафақат одамни хафа қилади, балки уларнинг бундай муносабат билдирмасликлари олдиндан аён эди.

Бунинг ўрнига Исроилнинг кучли пропагандаси оқибатида “апартеид ва мустамлакачилик” ҳаракатлари “низоларни ҳал қилиш ва воситачилик” сифатида намойиш қилинмоқда.

Америка сиёсати Фаластин ва бошқа жойларда бўлаётган курашларнинг мақсади бўлган адолат ва тенглик қадриятларини тўлиқ қамраб ололмайди, чунки сиёсат оқ танлиларга устунлик ва имтиёз бериш учун яратилган. Бу йўналишда АҚШ Исроилга жуда ўхшайди: ҳар икки мамлакатда ҳам сизнинг ҳуқуқларингиз ва имкониятларингиз ирқий ёки этник келиб чиқишингизга мос равишда татбиқ қилинади.

Бунинг исботи сифатида ўтган ой Нью Йоркда жойлашган Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти исроилликларнинг фаластинликларга нисбатан зулмини “апартеид” деб номлаган ҳисоботни нашр этгани учун бошидан кечираётган зиддиятларга назар ташлаш кифоя. Нашрга нисбатан Америка Яҳудийлар Қўмитаси “антисемитизмга яқин” аргументларини илгари сурган бўлса, Халқаро Ҳуқуқий Форум буни “антисемитизм” “тоза тухмат” деб баҳолади. Америкалик сиёсатчилар айнан шундай ҳужумлардан қўрқишади.

Фаластинлик сиёсатчилар ҳанузгача америкалик ҳамкасблари ва бошқа жамоат арбобларининг Фаластин ҳақида айтаётган гапларига жуда аҳамият беришади, улар АҚШни ҳалигача тинчлик учун “қонуний воситачи” деб билишади. Лекин уларнинг бу қарашлари нотўғрилиги бир неча марта исботланган. Улар АҚШ кўп марта бузган эски ваъдаларини бажаришига ҳануз ишонишда давом этишмоқда.

Осло келишувлари – АҚШ дипломатиясини танқид остига олган келишув бўлиб, шартномалар Америка сиёсий тилида, яъни адолатни кўзлаб эмас, балки ирқий иерархиялар тилида тузилган эди. Аммо фаластинлик сиёсатчилар ушбу фожиали келишувларнинг бажарилишига ҳамон ишонмоқдалар, бу эса Фаластиннинг эгасизлигини янада кучайтириб, Исроилнинг ҳарбий ишғолини орттириб бормоқда. Бундан ташқари, келишувлар бизнинг сиёсий тилимизга ҳам таъсир қилиб, уни издан чиқарди ҳамда АҚШга ўхшаш тарзда Фаластинга бўлаётган зулмнинг ҳақиқатини яшириш учун ишлатилмоқда. Келишувлар ўз режимлари барқарорлигини Фаластин халқи манфаатларидан устун қўювчи Фатҳ ва Ҳамаснинг деспотизмини (мутлақ ҳокимиятни, айниқса, шафқатсиз ва золимлик билан амалга ошириш) яшириш учун ҳам қўлланилмоқда.

АҚШ ва дунёнинг бошқа жойларида Фаластин халқига хайрихоҳ бўлганлар Қудусдаги воқеалар “инсон ҳуқуқлари” ва “тинчлик” учун эмаслигини, балки “адолат” ва “қадр-қиммат” учун қатъий кураш эканлигини тушунишларини истардик.