Ноқонуний қурилишларга ваколатли ташкилотлар ҳам сабабчи(ми?)

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ваколатли органларнинг давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолияти доимий тарзда мониторинг қилиб борилади. Мониторинг натижаларига кўра, ваколатли органлар баъзи ҳолларда давлат хизматлари кўрсатишда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини қўпол равишда бузаётгани аниқланмоқда.

Хусусан, “SAMARQAND-BUNYODKOR-QURILISH LOYIHA” МЧЖ 2020 йил 25 декабрь куни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Жомбой тумани, А.Қурбонов массиви ҳудудидан 5 қаватдан иборат, 30 хонадонли турар-жой биноси қурилишининг лойиҳа ҳужжатларини келишиш тўғрисида Самарқанд вилоят Қурилиш бош бошқармасига сўров юборган. Сўровнома мазкур бошқарма томонидан кўриб чиқилиб, архитектура қисмини келишиш учун Жомбой туман Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига  юборилган.

Бироқ, ушбу сўровномани юборилганига 5 ойдан ошган бўлса-да, ҳанузгача ижроси таъминланмасдан қолмоқда. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган “Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда бир вақтда объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳавий ечимларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламенти”нинг 21-бандида хулоса берувчилар уч иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини кўриб чиқишлари ва уларга эътирозлар бўлмаган ҳолатда ўз хулосаларини Қурилиш бош бошқармасига юборишлари белгиланган.

Бу каби ҳолатлар Жомбой туман СЭО ва ЖСХ томонидан “SAM PEM GASI” МЧЖнинг 1 та, “SHUKURJON-SHS” хусусий корхонасининг 2 та, “SAFO LOYIHA” МЧЖнинг 1 та, Тойлоқ туман СЭО ва ЖСХ томонидан “JIZZAX BUNYODKOR LOYIHA” МЧЖнинг 2 та лойиҳа смета ҳужжатларини келишиш тўғрисидаги сўровномаларини кўриб чиқишда ҳам такрорланган. Шунингдек, Самарқанд туман СЭО ва ЖСХ томонидан “PARVIZ PROEKT SERVIS” МЧЖ ва “SHARQEVROPROEKT” МЧЖнинг лойиҳа смета ҳужжатларини келишиш тўғрисидаги сўровномалари юзасидан хулосалар ҳам кечиктирилиб юборилган.

Архитектура ва қурилиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатувчи масъул ташкилотларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини юқоридаги каби қўпол тарзда бузиши қурилиш ишларини амалга оширувчи субъектлар томонидан ноқонуний қурилишларга қўл уришга олиб келиши мумкин.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг 3 февраль куни лойиҳа смета ҳужжатларини келишиш хизматини кўрсатишда иштирок этувчи ташкилотларнинг (Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармаси, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, туман шаҳар ФВБ ва СЭО ва ЖСХ) масъуллари иштирокида амалий семинар ўтказилиб, масъулларга ушбу давлат хизматини кўрсатишнинг амалдаги тартиби батафсил тушунтириб берилган бўлса-да, соҳа масъуллари томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилиб келинмоқда. Мазкур қонун бузилиш ҳолатларини бартараф қилиш, келгусида такрорланишини олдини олиш мақсадида айбдор ходимларнинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда.

Юқоридагиларга кўра, Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси лойиҳачи ташкилотларни лойиҳа смета ҳужжатларини келишиш хизматини кўрсатилишида қонун ҳужжатлари талабларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳамкорликка чақиради. Бу турдаги давлат хизматидан фойдаланишда сансалорлик ва қонун бузилиш ҳолатларига дуч келсангиз бошқармага хабар беришларингиз  сўралади.

Сардор ДАВРОНОВ,

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси

Бўлим бошлиғи