Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси АҚШ расмийлари билан учрашди

Ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишидир. Айни пайтда Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ҳамда изчил тараққиётга эришишда Ўзбекистон АҚШнинг муҳим стратегик ҳамкори сифатида кўрилади ва бу, албатта, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка узвий боғлиқдир.

Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ вице-президенти Камала Харриснинг махсус маслаҳатчиси Лиза Соер хоним ва Оқ Уй Миллий хавфсизлик кенгашининг Марказий Осиё бўйича директори доктор Эрик Руденшолд билан учрашиб, икки томонлама алоқаларни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар ва гендер тенглиги, аёлларнинг иқтисодий фаолликларини  ошириш, шу жумладан, Ўзбекистон, Афғонистон ва АҚШдан аёл бизнес раҳбарлари учун етарли имкониятлар яратиш борасида самимий мулоқот ўтказдилар.

Музокаралар натижасида томонлар минтақавий барқарорликнинг умумий устувор йўналишлари бўйича биргаликда ишлашдан мамнунликларини изҳор этдилар.