Пентагон: 120 нафар ҳарбийлар Исроилдан олиб чиқилди

Пентагон пайшанба куни АҚШнинг 120 нафар ҳарбий хизматчисини Исроилдан олиб чиқиб кетганлиги ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирбининг айтишича, АҚШ Марказий қўмондонлиги ва АҚШ Европа қўмондонлиги ходимлари С-17 ҳарбий самолётида пайшанба куни Германиянинг Рамштейн авиабазасига етиб келишган. У бундан кейин бошқа америкаликлар Исроилдан олиб чиқилиши тўғрисида хабардор эмаслигини айтди.

CNNга хабар беришларича бундай қарор чиқаришга Исроилда тўқнашувларнинг давом этаётгани ва тижорат парвозларининг чекланганлиги сабаб бўлган.

Сўнгги ҳафталар ичида Исроил ва Ғазо сектори ўртасидаги курашлар тобора ортиб бормоқда ва бу тўқнашувлар минтақанинг бошқа қисмларига ҳам тарқалиб кетишидан хавотирлар мавжуд.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, Исроилнинг ҳужумлари оқибатида 130 дан зиёд киши ҳалок бўлган, 1000 дан ортиқ киши яраланган.