Путин МДҲ давлатларида рус тилини ўргатиш бўйича фаолроқ ишлаш керак демоқда

МДҲ давлатларида рус тилини ўргатиш етарли даражада қўллаб-қувватланмаяпти, бу соҳада қўшимча чоралар кўриш керак, деди Россия президенти Владимир Путин.

“Биз ушбу мамлакатларда рус тилини ўргатишга ва ривожлантиришга эътибор қаратишимиз, қўллаб-қувватлашимиз керак. Биз ҳозирда қилаётганимиздан кўра кўпроқ ишлар қилишимиз мумкин ва қилишимиз зарур”, – деди давлат раҳбари ҳукумат аъзолари билан учрашувда.

У таълим вазири Сергей Кравцовга ушбу масала бўйича қўшимча таклифларни тақдим этиш бўйича топшириқ берди.

Путин қўшни мамлакатлардан келган ҳамкасблари, жумладан, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан рус тилини ўрганишни қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилганини айтмоқда.

Путиннинг фикрига кўра, фақат маҳаллий раҳбарларнинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари етарли эмас. “Бу йўналишда бизнинг кўмагимизсиз муаммоларни самарали ҳал қилишнинг иложиси йўқ. Ва биз, албатта, бундан манфаатдормиз… шунинг учун бу борада фаол тарзда ишлашимиз керак”, – деди президент.