Қўл соати ва муаллим

Бизнинг болалигимизда қўл соати жуда урфга кирган пайтлар эди, ҳар ким ҳам уни сотиб олишга қурби етмасди. Мактабда ўқиб юрган йилларимиз эди. Ўртоқларимиздан бирига отаси қўл соати сотиб олиб берди, бола уни қўлига тақиб мактабга келди. Ҳаммамиз унга ҳавас билан қаради, қанийди бизда ҳам бўлса деб орзу қилдик. Мен эса ҳавас эмас, ҳасад билан қарадим. Бу ажойиб соат албатта меники бўлиши керак деб ўйладим. Бола эканман, гуноҳ-савобни ҳали унчалик яхши билмасдим. Пайт пойлаб, соатни ўғирладим ва чўнтагимга яшириб қўйдим. Ўртоғим буни сезгач, жуда хафа бўлди. Муаллимнинг ёнига бориб йиғлади ва воқеани айтиб берди. Устоз эса ҳаммамизни хонага тўплади ва “Барча ўрнидан турсин ва кўзларини юмсин, ҳамманинг чўнтакларини ўзим текшириб чиқаман” деди.

Жуда қўрқиб кетган эдим. Аммо ноилож, ҳамма қатори мен ҳам ўрнимдан турдим ва кўзларимни юмдим. Устоз менинг ёнимда бирпасга тўхтаб, соатни олди ва ўтиб кетди.

Мен энди муаллим мени барчани ёнида мулзам қилса керак, шарманда бўламан, деган ўй билан нима қилишимни билмай турардим. Аммо муаллимимиз болани чақириб, соатини қайтарди ва бундан буён эҳтиёт бўл, деди холос. Менга ҳеч нарса демади.

Йиллар ўтди, барчамиз улғайдик. Мен ўқитувчилик касбини танладим. Бир куни хиёбонда ўша муаллимимизни учратиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрагач, “Устоз, нега ўшанда соатни мен олганимни ҳаммага айтмадингиз?” деб сўрадим. Унинг жавоби мени титратиб юборди:

“Чунки барчангиз кўзларингизни юмганингизда мен ҳам юмган эдим, ўғлим”.

Абдуллоҳ Кўсанинг Кабутарнинг кундалиги асаридан олинди.