Қулликнинг замонавий шакллари

Қарздорлик қуллиги — бирор шахсга берилган қарз учун гаров сифатида одамларни асир олишнинг энг кенг тарқалган усулларидан бири. Асирнинг меҳнати қарзни қайтариш учун бир воситаси бўлиб хизмат қилади. Бундай меҳнатларга ҳақ тўланмаганлиги ёки жуда арзон бўлгани сабабли, қарзни қайтаришнинг иложиси йўқ, натижада бундай қарз кейинги авлодга мерос бўлиб қолиши мумкин.

Деҳқончилик қуллиги – замонавий қулликнинг яна бир шакли бўлиб, қоида, урф-одат ёки келишув асосида бирор шахс бошқа шахсга тегишли бўлган ерни қайта ишлашга мажбурдир. Бу турдаги қуллик киши меҳнати натижасида маълум вақтдан кейин ерни қўлга киритиши мумкинлигини англатмайди. Бу қуллик тури кўпинча кейинги авлодлар, оилаларга мерос қолади.

Мажбурий меҳнат – мажбурлаш, зўравонлик, таҳдидлар, қўрқитиш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ қуллик тури бўлиб, шахснинг иродасига қарши бошқа бир шахснинг манфаати учун ишлашга мажбур қилиш ҳисобланади. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, иқтисодиётнинг ноқонуний соҳасидасиги мажбурий меҳнат улуши ортиб бормоқда.

Болалар меҳнати ва болалар қуллиги — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ва ХМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2000 йилда 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 250 миллион нафарга яқин бола ўз таълимини, турмушини, соғлиғини ва тез-тез ҳаётини хавф остига қўйиб, зарарли шароитларда ишлашга мажбур бўлган. Бундан 186 миллион нафар бола 15 ёшгача ва 110 миллион нафари эса 10 ёшгача бўлган. Болалар меҳнатидан фойдаланиш барча мамлакатларда, хоҳ у ривожланган бўлсин, хоҳ ривожланаётган, мавжуд. Болаларни эксплуатация қилишдан ҳимоя қилишнинг зарурати 1993 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия томонидан қабул қилинган болалар меҳнатини эксплуатация қилишни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишга олиб келди. Ушбу дастурга мувофиқ, болалар савдоси, болалар порнографияси, болалар порнографияси савдоси, жинсий мақсадлар учун халқаро болалар савдоси ва ёш болалар хизматидан фойдаланиш халқаро жиноят сифатида баҳоланади.

Одам савдоси – дунёда кенг тарқалган амалиётдир. Иқтисодий ёки жинсий эксплуатация учун одамларни жалб қилиш зўравонлик, алдаш ёки мажбурлаш орқали амалга оширилади. Одам савдоси билан шуғулланувчи шахс назорат ва мулк ҳуқуқи эга бўлади. Одам савдоси турларига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • одамларни ўз иродасига зид равишда ишлашга мажбур қилиш;
  • ҳаракат эркинлигини бошқариш, масалан, паспортларини олиб қўйиш ва иш ҳақини тўламаслик;
  • иш жойи, вақтини ва иш ҳақи миқдорини белгилаб бериш;
  • ноодатий амалиётлардан фойдаланиш, масалан, калтаклаш ва зўрлашда ифода этиладиган Вуду маросимлари қўллаш.

Одам савдоси шу йўналишдаги савдогарлар ва уюшган жиноятчилик гуруҳларига катта даромад келтиради. Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, ҳозирда бутун дунё бўйлаб 15-30 миллион ноқонуний муҳожирлар бор. Одамларнинг миграцияси ва одам савдоси ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Қашшоқлик миграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи омили бўлгани учун муҳожирлар ҳар доим ҳам миграция масалаларида хавфсиз усуллардан фойдаланмайдилар. Чет элда танишлар ва дўстларнинг етишмаслиги, шунингдек, ишлаш имкониятлари ҳақида нотўғри маълумотлар одам савдоси ва қуллик қурбони бўлиш хавфини оширмоқда.

Жинсий қуллик – бир шахс бошқар бир шахснинг мутлақ назоратида бўлиши билан ажралиб туради ва ҳар доим ҳам меҳнат учун ҳақ тўланмайди. Жинсий қулликни қуйидаги турларга ажратиш мумкин:

  • фоҳишалик – бошқаларнинг жинсий эҳтиёжларини қондиришдан топилган даромадларни учинчи шахсларга мунтазам равишда топшириш;
  • инсоннинг иродасига қарши равишда фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаш;

Мажбурий никоҳ ва аёлларни сотиш – ушбу қуллик тури учун мажбурий никоҳ, хотин-қизларни сотиш ёки мерос қилиб олиш ёки бериш ҳарактерлидир. Бу яқинда оммалашган жинсий эксплуатациянинг бир шакли бўлиб, аёллар ёки қизлар почта буюртмалари орқали манзилга юборилиши ҳам мумкин.

Қулликнинг яна бошқа турли шакллари доимий равишда аниқланмоқда. Юқоридаги каби ноқонуний фаолиятлар, шунингдек, инсон органлари ва тўқималари савдоси билан шуғулланадиган қулликка ўхшаш амалиётлар шошилинч эътибор ва қарши ҳаракатни талаб қилади.