Сифат ва тўғрилик бош шиоримиз бўлсин!

Бугунги кунда вилоятимиздаги 16 та туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ бўлимларида 400 нафардан ортиқ ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Албатта улар ўртасида таъмагирлик, коррупция ҳолатларини олдини олиш муҳим масала. Чунки биргина нотўғри хатти-ҳаракат салбий ҳолатларни юзага келтириши мумкин.  

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 7 июндаги 185-ум-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Адлия органлари ва муассасалари ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги”ги Низомга мувофиқ Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан “Сирли мижоз” ҳамда “Рейд” тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.

Жумладан, ўтган йили бошқарма масъул ходимлари томонидан ўтказилган махсус тадбирлар натижасида тизим ходимларидан бирининг коррупцион ҳаракатлари аниқланган эди. Оқибатда у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, қонуний чора кўриш мақсадида тўпланган далиллар ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 9 маротаба  “Сирли мижоз” ва “Рейд” тадбирлари ўтказилиб, ходимлар томонидан қоидабузарлик аниқланмаган бўлса-да, уларнинг барчаси билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, ишга янги қабул қилинаётган ходимларга хизмат вазифасига қўйиладиган асосий мажбуриятлар, талаблар, адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда “Адлия органлари ва муассасалари ходимлари томонидан вазифаларини бажаришда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда.

Бу иллатга қарши курашишда аҳолининг фикрини ўрганиш, улар билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан, тизимдаги барча туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари биноларида коррупцияга оид ҳолатлар учун махсус қутилар ўрнатилган бўлиб, улар бошқарманинг масъул ходимлари томонидан назоратга олинган. Ҳафтада бир марта ўтказиладиган маънавият соатларида ҳам очиқ мулоқотлар ташкил этилиши анъана тусини олган.

Бошқарма давлат хизматлари соҳасида жамоат назорати принципларини қўллаб-қувватлайди. Шу мақсадда бошқарманинг Facebook тармоғидаги расмий саҳифаси орқали онлайн ва расмий тарзда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиб, таҳлил қилиб боради. Ягона мақсад — фуқароларга шаффоф, қулай ва тезкор давлат хизматлари кўрсатишдир. Бизнинг кадрлар сиёсатимиз ушбу олтин қоидага хилоф иш тутувчи шахсларни аниқлаш ва уларни хизмат кўрсатишларига йўналтирмасликдир.  

Дониёр ХУСАИНОВ,

Давлат хизматлари агентлиги

Самарқанд вилоят бошқармаси Кадрлар бўлими бош маслаҳатчиси