Сионизмга қарши чиққан яҳудийлар

Ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб, собиқ Шўролар таркибига кирган мамлакатларда яшаб келган яҳудийлар АҚШ ва Дунё Яҳудийлар Конгрессининг ёрдамида “темир парда”ни бир нави суришга муваффақ бўлдилар. Уларга жуда секин ва минг хил бюрократик тўсиқлар билан бўлсада, Исроилга кўчиб кетишга рухсат берила бошланди.

Шахсий фикримча, Исроилга кўчиб бориш ва у ерга мослашиб яшаб кетиш инсон руҳияти учун оғир бир имтиҳондир. У ёққа кўчиб борган инсон ёки вақт ўтиб Европага ёки АҚШга қочиб кетади, ё туғилган мамлакатига қайтиб кетади, ёки маҳаллий “ ўйин”нинг қонун-қоидаларини қабул қилиб, ашаддий сионистга айланади. Унинг учун ўз ерида сиғинди бўлиб яшаётган ва ҳақ-ҳуқуқлари тинмай топталаётган Фаластинликларни одам ўрнида кўрмаслик, уларни қириб ташлашни зарурий ҳолат деб ҳисоблаш ва бу ҳақда тап тортмай гапириш ҳам оддий ҳол бўлиб қолади.

Бу ҳолатни ўзига хос бир секта деб ҳам аташ мумкин, чунки сионистларда “биз билан бирга бўлмаган- бизнинг душманимиздир”, деган қоида ҳукм суради. Яъни, агар бир инсон Исроил давлатининг юритаётган сиёсатига қарши бўлса (эътибор беринг, гап бу ерда айнан давлат ва унинг “ҳимоячилари” ҳақида бормоқда, яҳудий миллатига мансуб ёки яҳудийлик динига эътиқод қилаётган инсонлар ҳақида эмас), унга дарҳол антисемит ва фашист тамғасини босишади. Исроилда бошқача турли инсонларнинг яшаши мумкин эмас.

Фақат, ҳурматли ўқувчи, биз ҳар бир яҳудийни сионист ва шовинист деб аташ фикридан йироқмиз. Қуйида бунга баъзи ўрнакларни берамиз.

1924-йили Олмонияда бир яҳудий оилада қизалоқ дунёга келади. У кейинчалик бутун дунёга ирқчилик ва сионизмга қарши курашчи Эстер Беджерано номи билан танилади.
Болалигида оиласи билан фашистларнинг қўлига тушиб, Освецимдан омон қолган Эстер Иккинчи жаҳон уруши тугагач, Фаластинга кўчиб кетади, лекин орадан 15 йил ўтгач, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан Европага қайтиб келади.

Эстер ўша пайтлардан бери сионизмнинг ашаддий мухолифига айланади. У ва турмуш ўртоғи ўз кўзлари билан арабларнинг ерларини бирин-кетин ишғол қилаётган Исроилнинг кирдикорларига чидай олмай, ўз миллатининг зулмига қарши чиқишади.
1948-йилнинг 10-апрель куни дунёга машҳур физик олим Альберт Эйнштейн бир мактуб ёзади;
“Муҳтарам жаноб,
Фаластинда  бошимизга ҳақиқий ва узил-кесил фожиа келадиган пайтда, бунинг биринчи айбдори  Британия, иккинчиси эса-ўз сафларимиз орасида шаклланган террористик ташкилотлар бўлади.Мен бу адашган ва жиноятчи инсонлардан ҳеч кимни кўришни истамайман.

Самимият билан,

(имзо)

Эстер Беджерано

Альберт Эйнштейн”

Илк бошларда олим Исроил давлатининг қурилиш ғоясини маъқуллаган эди. Бу мактубни эса сионистларнинг Дейр Ясин деб аталадиган араб қишлоғида амалга оширган қатлиомидан кейин ёзади. Мактубнинг ёзилиш тарихига эътибор беринг; Исроилнинг давлат сифатида эълон қилинишига бир ойча қолган эди. Эйнштейннинг бу сўзлари “ Исроилнинг озодлиги учун курашчиларнинг Америкалик дўстлари”га қаратилган эди.

 Олим “адашган ва жиноятчилар” деганда эса “Иргун” ташкилотининг бошлиғи Менахим Бегин (кейинчалик Исроил бош вазири) ва “Штерн” ташкилотининг муҳим аъзоларидан бири, келажакда вазир бўлган Ицхак Шамирни назарда тутган эди.

Олим яна унга таклиф қилинган Исроил президенти лавозимини ҳам рад қилган эди.

Кўриб турганингиздек, барча яҳудийларни ҳам сионист деб аташ тўғри бўлмайди. Улар орасида бу ғоянинг ирқчилик ва шовинизмга асосланган ёлғон мафкуралар йиғиндиси эканлигини ва муттасил урушлар ва қатлиомларга сабабчи бўлишини англаб етган инсонлар ҳам талайгинадир.

Саида Дариева тайёрлади.