Space X “dogecoin” ни Ой миссияси учун тўлов сифатида қабул қилади

Space X Ойга “Doge-1” миссиясини келгуси йилнинг биринчи чорагида учирмоқчи. Элон Маскнинг ушбу тижорат ракета компанияси крипто-валюта бўлмиш “dogecoin”ни тўлов сифатида қабул қилишни бошлайди.

“Space X тўлов “Doge” да амалга ошириладиган “Doge-1” сунъий йўлдошини кейинги йил Ойга учиради ва бу коинотдаги биринчи крипто-валюта бўлади”, – деди Маск ўз твитида.

Geometric Energy Corporation якшанба куни “dogecoin” воситасида молиялаштириладиган миссия ҳақида баёнот берди, лекин баёнотда миссиянинг молиявий қиймати ошкор қилинмади.

“Ушбу миссия крипто-валютанинг Ер орбитасидан ташқарида қўлланилишини намойиш этади ва сайёралараро тижорат учун асос яратади”, – деди Space X компаниясининг сотувлар бўйича вице-президенти Том Очинеро Geometric Energy га берган интервьюсида.

Маскнинг ижтимоий тармоқларда “тушунарсиз крипто валюта” ҳақида ёзган ҳазиломуз твитлари эндиликда ушбу валютага эга бўлишни орзуга айлантириб қўйди.

Крипто-валюталар динамикасини кузатувчи CoinGecko.com сайтида “dogecoin” қиймати сўнгги бир ой ичида 800% дан кўпроққа ошганлигини ва у бугунги кунда бозор капитали 73 миллиард долларга тенг энг қадрли тўртинчи рақамли валютага айланганини кўриш мумкин.