Starlink хизмати учун 500 мингдан ортиқ буюртма қабул қилинди

Элон Маскнинг Space X компанияси матбуот хизматининг хабар беришича компания сунъий йўлдош интернет хизмати учун ҳозиргача 500 мингдан ортиқ буюртма қабул қилган.

“Бугунги кунга қадар Starlink учун ярим миллиондан ортиқ одам буюртма берган”, – деди Space X операциялари муҳандиси Сива Бҳарадвай ўзининг 26 Starlink миссиясининг веб-трансляцияси пайтида.

Starlink – бу сайёрамизнинг исталган нуқтасида истеъмолчиларга юқори тезликдаги интернетни етказиб беришга мўлжалланган, минглаб сунъий йўлдошлар билан ўзаро боғлиқ бўлган Интернет тармоғи лойиҳасидир.

Ҳозирда у дунёдаги энг катта сунъий йўлдош жамланмасига эга бўлиб, шу кунгача орбитага 1500 дан ортиқ Starlink сунъий йўлдошлари чиқарилган.

Space X октябрь ойида Starlink учун бета дастурини ишлаб чиқди. Унинг хизмат тўлови ойига 99 долларни ташкил қилади. Бу фойдаланувчи терминали ва сунъий йўлдошларга уланиш учун Wi-Fi ускунасини ўз ичига олган 499 долларлик Starlink тўпламидан ташқари ҳаражатдир.

Компания Starlinkка 99 долларлик буюртмани февраль ойининг бошларида қабул қила бошлади. Space X олдиндан буюртмалар “тўлиқ қайтарилиши ва қопланиши мумкинлигини” таъкидлаган.

Space X уч ой олдин федерал назорат органларига юборган аризасида февраль ойидан бошлаб Starlinkнинг Қўшма Штатларда ва чет элда 10000 дан ортиқ фойдаланувчиси борлигини маълум қилган.