Starship SN15 ерга бехатар “қўниб олди”

Бугунги парвоз АҚШнинг илк экипажли космик парвозининг 60 йиллик санасига тўғри келди. Бу тарихий воқеа тасодифий бўлсада, SN15 нинг муваффақияти инсоният қадамини олис коинот чегарасига етказишда улкан силжиш бўлди.

Space X компанияси яратган Starship космик кемаси 6 май куни Ерга илк маротаба муваффақиятли қўнишни амалга оширди.

Starship SN15 Техаснинг Бока Чика учиш комплексидан учирилди. Синов пайтида ракета 10 километр юқорига кўтарилиб бешикаст учиш майдонига қайтиб тушди. Парвоз 6 дақиқа атрофида давом этди. Бу шу турдаги ракеталарнинг дастлабки муваффақиятли парвози сифатида тарихга кирди. 2021 йилнинг биринчи чорагида парвоз қилган Starshipлар учиш майдонига қайтгач ёки қайтмасдан ёниб кетганди.

Starship лойиҳаси дунё юзини кўрганига 2 йил бўлди. Лойиҳадан мақсад “Super Heavy” деб номланган биринчи кўп босқичли ва ҳамда Starship деб номланган ўта оғир ракетани яратиб, ушбу ракета тўпламларидан одамларни ва юкларни Ер орбитаси ва Ойга ҳамда Марсга олиб чиқиш учун фойдаланишдир.