Тавсия: АҚШ мактаблари ҳақида чет эллик ота-оналар нималарни билишлари керак?

АҚШ мактабларида бир йилдан кўпроқ таълим олишни истаган халқаро талабалар F-1 визасига эга бўлишлари керак.

Фарзандларини АҚШ давлат умумтаълим мактабларига юборишни режалаштираётган чет эллик ота-оналар фарзанди учун энг муносиб мактабни топишда қуйидаги тавсияларга амал қилишлари мумкин:

  • Кучли халқаро дастур
  • Олий ўқув юртларига тайёргарлик курслари
  • Жойлашув ўрни, ҳажми ва турар-жой имкониятлари

Кучли халқаро дастур

Ота-оналар Америка мактабларини баҳолаётганда, тасдиқланган халқаро дастурга эга бўлган ва доимий равишда халқаро талабаларни қабул қилиш учун ташкил этилган мактабларни излашлари керак, дейди мутахассислар.

Олий ўқув юртларига тайёргарлик курслари

Мутахассислар келажакда АҚШ университетларида ўқишни режалаштираётган халқаро талабаларнинг ота-оналарига STEM – фан, технология, муҳандислик ва математикага йўналтирилган мактабларни қидиришни ва университетларга кириш бўйича тайёргарлик курслари, инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўргатувчи ҳамда бошқа дастурларни таклиф қиладиган мактаблар билан боғланишни маслаҳат беришади.

Шундай таклифлар бера оладиган халқаро талабаларни қабул қилувчи бир нечта давлат мактабларининг рўйхатини келтириб ўтамиз:

  • Аризонадаги Higley Unified School мактабида турли хил STEM курслари ва техник таълимга йўналтирилган фанлар ўқитилади. Мактаб штатнинг учта университети билан доимий ҳамкорлик қилади.
  • Birmingham Community Charter High School мактабида тиббий ва STEM лабораториялари мавжуд.
  • Мейндаги Orono High School мактаби ESL (Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўргатиш) бўйича интенсив курсларни таклиф қилади. Мактабнинг барча халқаро битирувчилари қўшни Мейн Университетига автоматик равишда шартли асосларда ўқишга қабул қилинади.
  • Массачусеттсдаги Nauset Regional High School мактабида ESL ва STEM дастурлари мавжуд.

Жойлашув ўрни, ҳажми ва турар-жой имкониятлари

Ўқув дастурларидан ташқари, мактабларнинг жойлашув ўрни ҳам халқаро ота-оналарнинг АҚШ мактабларини танлашда эътибор бериши керак бўлган яна бир омилдир. Мактаб манзилини танлашда ота-оналар яшаш ва турар-жой имкониятлари ҳақида маълумот олишлари керак.

Мактабнинг ҳажми ҳам таълим борасида муҳим роль ўйнайди. Умуман олганда, каттароқ, масалан, 1000 нафардан ортиқ ўқувчи ўқийдиган мактабларда кўпроқ шароитлар, турли клублар ва спорт машғулотлари бўлади, аммо, кичикроқ мактаблар халқаро талабаларга, айниқса, улар уятчанроқ бўлсалар, алоҳида эътибор қаратишлари мумкин.