Теҳрон хотираларим: Эрон пойтахтида гиёҳвандлик

2017-чи йили докторлик диссертациямга зарур бўлган баъзи китобларни топиш ва кутубхоналарни кўриш мақсадида Эрон Ислом Республикасида бир муддат яшаган эдим. Теҳронда менга мезбонлик қилган Муҳаммадий оиласининг талаба қизи Анахитанинг ёрдамида Теҳрон ҳаётининг сайёҳлардан одатда яшириладиган баъзи жиҳатлари ҳақида маълумот олишга муваффақ бўлдим.

Эрон Афғонистон билан девор-дармиён қўшни бўлгани учунми, шаҳарда гиёҳвандлик балосининг қанчалик кенг тарқалганидан даҳшатга тушиш мумкин. Умуман, шаҳар Афғонистонлик қочқинлар билан тўлиб тошган.Ҳаттоки шаҳарнинг  Паҳлавийлар замонида ва ҳозирда ҳам бойларнинг яшайдиган қисми бўлган Дарбанд деган ери ҳам улар билан гавжумдир  ва полициядан асло ҳайиқмаган ҳолда ўтган-кетганга форс, инглиз ва ўзбек тилларида афғон кўкнориси, амфетамин билан метамфетамин, кокаин ва героинни ўзига хос арго сўзлар билан таклиф қилиб ўтиришади.

Эрон Ички ишлар вазири Абдулризо Раҳмоний Фазлий мамлакатнинг 78 миллион аҳолисидан 6 миллион инсоннинг гиёҳванд эканлигини аллақачон тан олган. Маҳаллий форсларнинг айтишича, алкоголь, қимор, гиёҳванд моддалар, қарши жинсларнинг танҳо учрашиши буткул таъқиқланган Эронда кечалари махфий равишда махсус зиёфатлар уюштирилади ва санаб ўтилганларнинг барчаси у ерда дарё бўлиб оқади.

Эрон ва Афғонистонда кўкнори юз йиллар давомида экиб келинган, ҳатто инсонлар ундан уйқу дориси ва оғриқ бостирувчи сифатида фойдаланиб келишган.Замонавий Эронда кўкнори кексаларнинг беозоргина эрмаги ҳисобланади. Теҳрон шариат полициясининг маълумотига кўра, шаҳарнинг ўзида ярим миллионга яқин метамфетаминга муккасидан кетган ёшлар бор. Бу модда пойтахтда шу даражада машҳур эканки, Анахитанинг айтишича, унинг баъзи дугоналари ундан озиш учун фойдаланишар экан. Метамфетаминни кўплаб гўзаллик салонларидан бемалол сотиб олиш мумкин. Эрон дунёдаги 4 энг йирик метамфетамин ишлаб чиқарувчи мамлакатлардан биридир. Инглиз тилида чилим учун shisha сўзи ишлатилади, туркчада ҳам айниси, лекин форсчада у метамфетаминни билдиради. Тилни билмаган баъзи туристлар шариат полицияси ёки гиёҳвандлик мафияси билан боғлиқ жиддий муаммоларга учраб туришади.

Эронда гиёҳвандликка қарши расмий кураш кетмоқда, ҳозирда ёнидан 1 грамм модда чиққан шахс ҳам ўлим жазосига маҳкум этилмоқда. Фақат ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди ва Теҳроннинг махфий кечалари давом этар экан, гиёҳвандлик давом этаверади ва афғон чегарасидан исталган таъқиқланган моддалар оқиб келаверади. Яъни, талаб таклифни келтириб чиқараверади.

Саида Дариева