Техас – “туғилмаганлар учун бошпана”

Ўтган йили Техаснинг Лаббек шаҳри расмийлари аборт қилишни тақиқлаш ва шаҳарни “туғилмаганлар учун бошпана” деб эълон қилиш тўғрисидаги фармонни бир овоздан рад этишди. Шаҳар кенгаши аъзолари, шу жумладан абортга қатъий қарши эканликларини таъкидлаган айримлар ҳам олти соатлик оммавий тинглов чоғида ушбу фармонни конституцияга зид ва ижро этиб бўлмайдиган деб топишди.

Мана, олти ой ўтгач эса, Техаснинг ғарбий қисмида жойлашган консерватив шаҳар аҳолиси ушбу фармонни ўзлари қабул қилдилар.

Лаббек шаҳри аҳолисининг 62 фоизи ҳомиладорликнинг ҳар қандай давридаги абортни “қотиллик” дея эътироф этилишини ёқлаб, аҳолининг 38 фоизи эса қарши бўлиб овоз бердилар. Бундан онанинг ҳаётини сақлаб қолиш учун аборт қилиш мустасно. Ҳатто, аёлларни аборт қилишга ундовчи қариндошларини судга бериш ҳуқуқини таъминловчи қонунчиликни маъқулладилар.

Шаҳар сўнгги икки йил ичида бундай қарорни қабул қилган 20 дан ортиқ шаҳарлар қаторига киради. “Туғилмаганлар учун бошпана” ҳаракати кенгайиши асносида абортга қарши қонун эндиликда Шарқий Техасда ҳам кенг тарқалмоқда.