Техногигантларнинг бир дақиқадаги даромадлари қанча?

CNBC Make It технологик соҳадаги еттита энг йирик брендлар (Amazon, Apple, Alphabet, Microsoft, Facebook, Tesla ва Netflix) нинг сўнгги чораклик даромад ҳисоботларини кўриб чиқди ва уларнинг ҳар бири бир дақиқада қанча даромад ишлаб топгани бўйича статистик маълумот тайёрлади. Маълумотлар 2021 йилнинг биринчи чорагидаги ҳар бир дақиқа учун ҳисобланган. Жорий йилнинг илк чорагида 90 кун ва 129600 дақиқа бўлган

Дақиқасига мўмай даромад ишлаб топиш ҳақида сўз борганда, Amazonга ҳавас қилса арзийди. CNBC ҳисоботига кўра, Amazon ҳар 60 сония ичида 837000 доллардан кўпроқ даромадга эришар экан.

Пул топиш мусобақасида бошқа гигантлар ҳам чакки натижалар кўрсатмадилар. Жумладан, яна бир машҳур бренд Appleнинг даромади дақиқасига 700000 доллар атрофида бўлган. Alphabet эса ўз банк ҳисоб рақамига ҳар дақиқада 420 минг доллар атрофида пул туширган. Билл Гейтс яқинда ўз турмуш ўртоғи билан ажрашган бўлсада, бу Microsoftнинг фойда қилишига тўсқинлик қилмаган кўринади. У кўз очиб юмгунча 320 минг доллардан ишлаб топар экан.

Facebook бу тортишувда бешинчи ўринга муносиб кўрилган. Цукербергнинг фарзанди ҳам кам эмас, кўп эмас дақиқасига нақд 200000 доллардан кўпроқ маблағни чўнтакка солар экан.

Ҳозирда яшин тезлигида ривожланиб бораётган Тесланинг даромади 80 минг долларни ташкил этмоқда. Кўнгилочар кўрсатувлари билан машҳур яна бир бренд Netflix эса бир дақиқада 55000 долларга бойийди.

Ана шунақа гаплар. Сизчи? Сиз бир дақиқада қанча даромад қиласиз?‌‌