Туркиядаги бир армани қишлоғи – Вақфли

Туркия арманиларининг 2019-чи йили вафот этган патриархи Месроп Мутафьян Истамбул фатҳининг йиллик қутланмаси маросимида Фотиҳ султон Меҳметнинг қабри қаршисида эҳтиром билан таъзим қилмоқда. Византия императорлиги пайтида ёпиб ташланган армани патриархиясини турк султони қайтадан очтирган ва арманиларга эътиқод эркинлигини кафолатлаган эди.

Ўртаер денгизининг сўлим қирғоқларига яқин, Хатай вилоятининг Самандағ туманига қарашли Вақфли қишлоғида ҳозирда 35 хонадон ва 160 нафар аҳоли истиқомат қилмоқдадир. Унинг асосий хусусияти-яшовчиларнинг тамоман армани миллатига мансуб бўлишидир. Бу қишлоққа ҳар йили август ойининг иккинчи якшанбасида бутун христиан оламида нишонланадиган Марям она байрамини қутлаш учун бутун дунёдан арманилар, мусулмонлар, ҳатто алавий ва яҳудийлар ҳам келадилар.

Ҳозирда бу қишлоқ аҳолиси атиги 160 нафардан иборат бўлишига қарамасдан, кўп йиллик апельсин боғлари ва анъанавий меъморчиликка асосан қурилган тош уйлари дунёнинг ҳар тарафидан сайёҳ ва тадқиқотчиларни жалб қилади. Ҳар йили ёз ойларида келиб чиқиши армани бўлган минглаб инсонлар қишлоқ черковида ибодат қилиш, маҳаллий дўконларда сотиладиган уй мураббоси ва хушбўй совунлардан сотиб олиш ва арман тилининг ғарбий лаҳжасини тинглаш учун бу ерга турли мамлакатлардан келадилар.

Мухбир ва санъат тарихчиси бўлган армани аёли Лора Байтар Чапар узун йиллардан бери Вақфли қишлоғидаги арманиларнинг тарихи ва миллий қадриятларига бағишланган музейни очиш ташаббусида бўлганини ва ниҳоят 2018-йили бунга эришганини айтади. Буни амалга оширишда унга ва унинг турмуш ўртоғига Хатай архология музейи ва Истамбул армани патриархияси яқиндан ёрдам берди.

“Зиёратчилар Вақфлига атиги бир кунга келишади, черковни суратга олишадию қайтиб кетишади. Мен эса инсонларга меросимизни тушуниб етишлари, ўрганишлари учун бир имконият беришни истадим.”

Арманилар Туркия ҳукуматини 1.5 миллион арманининг ҳаётига зомин бўлган деб даво қилинган, 1915-йилда содир бўлган қатлиомни тан олмасликда айблаб келадилар.

Манба: The Guardian