Туркманистонда мол гўшти қимматлади, давлат дўконлари туя гўшти сотмоқда

Туркман давлат дўконларида гўшт учун турнақатор навбат.

“Chronicles of Turkmenistan” сайтининг мухбирлари Туркманистонда рамазондан олдин тўйларнинг кўп бўлишини ва гўшт нархининг осмонга чиқишини хабар бермоқдалар.

Давлат дўконларида асосан мол ва туя гўшти сотилади, аммо кўпинча айниган ҳолда сотилаётганлиги учун инсон соғлиғига хавфли бўлган туя гўштининг нархи ҳозирда 24 манатдан (1туркман манати 0.2861 АҚШ долларига тенг) 35 га кўтарилди. Хусусий гўшт етказиб берувчилар фақат харидор топган пайтларидагина ҳайвон сўймоқдалар. Бундай пайтда ҳайвон эгаси қариндошлари ва қўни-қўшнилари орасида гўшт сотилишини эълон қилади, харидорлар эса бир вароққа исмларини ва қанча миқдорда олмоқчи эканликларини ёзиб берадилар. Етарлича харидор тўплангач, ҳайвон эгаси маълум бир кунда келиб гўштларни олишлари мумкинлигини айтади. Бундай таниш-билишчилик билан олинган гўштнинг нархи 60-65 манат, лаҳм қисми эса 80 манатдир. Барра ва ишончли гўштни фақат шу йўл билан сотиб олиш мумкин экан.

Кўп сонли ўзбеклар яшайдиган Дашовуз марказида дўконлар мол гўштини 70 манатдан 76 манатга, вилоят этрапларида (туман )эса 60 манатдан 68 манатга кўтариб сотишмоқда.

Тўй қилмоқчи бўлган оилалар уларга камида 100 килоча яхши сифатли гўшт кераклигини айтишади. Оғирлиги 28-30 кило бўлган эчки ва қўйнинг нархи эса 2000 манатдир.