Янги давр технологияси: Маглев – дунёдаги энг тезкор поезд

Япон шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб ҳайратланарли тезлик билан ҳаракатланаётганингизни бир тасаввур қилиб кўринг. Сиз кетаётган транспорт ғилдираклари ҳатто ерга тегмайди. Аслида, сиз сузмоқдасиз! Орзунинг ўзгинаси, тўғрими? Ушбу орзу дунёдаги энг тезюрар поезд – Япониянинг таниқли Маглев ўқ поездлари туфайли ҳақиқатга айланмоқда.

Япония ўзининг 1964 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Шинкансен поездлар тизими билан аллақачон дунёга танилган. Аммо, ҳаттоки дунёдаги энг тезюрар поездлар ҳам, бир неча йил ичида шаҳарларда Маглев пайдо бўлгач, бир четга чиқиб қолишга мажбур бўлади.

Маглев поездларининг ҳаракатланиш принципи қандай?

Маглев ёки суперўтказувчи магнит поездлари 1970 йиллардан бошлаб Марказий Япония темир йўл компанияси ва темир йўл техник тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Маглев поездлари вагонлар ва темир йўл орасидаги “магнит қаршилик” принципи асосида ҳаракатланади. Маглев сўзи аслида “магнит” ва “левитация” (учиш, кўтарилиш) сўзларининг бирикмасидир. Магнитли кўтарилиш ёки поезднинг сузиб юриши электродинамик суспензия (бир жойда муаллақ туриш) тизимидан фойдаланиш орқали амалга оширилади.

Ҳаракатни бошлаш учун поезд резинали ғилдираклар устида аста-секин олдинга силжийди, бу эса поезд вагонлар остидаги магнитларга йўл-йўлакай ўзаро таъсир ўтказишга имкон беради. Поезд тезлиги соатига 150 километрга (93 миль) етганидан сўнг, магнит кучи уни ердан 100 миллиметр (4 дюйм) баландликка кўтариш учун етарли бўлади. Тезлик тобора юқорилагани сари ҳаракатнинг силлиқлигини таъминлаш учун ишқаланиш ўз-ўзидан йўқолади.

Поездни кўтарадиган ўша магнит кучлари уни олдинга ҳам итаради. Бу технология Тесланинг Hyperloop тизимида ҳам қўлланилиб, саёҳатни силлиқ ва поездни эса жуда хавфсиз транспортга айлантиради.

Маглевнинг энг юқори тезлиги

2015 йил апрель ойида инсон бошқарган Маглев поезди темир йўл транспорти воситалари томонидан ўрнатилган аввалги иккита рекордларни янгилади. Поезд соатига 603 километр ёки соатига 375 миль тезликда ҳаракат қилди. Бу Хитойнинг Шанхай ва Жанубий Кореяда соатига 268 дан 311 миль тезликда ҳаракатланадиган Маглев поездларидан анча тездир.

Олтмиш йиллик фаолияти давомида Япониянинг тезюрар поездлари ҳалигача бирор марта ҳалокатга учрамаган. Бу уларни дунёдаги энг хавфсиз транспорт турларидан бирига айлантирмоқда. Маглев хизмати ушбу юксак унвонни сақлаб қолиш ниятида.