Еревандаги икки ислом обидаси

Мовий Масжид

Арманистон пойтахти Ереванда жойлашган, тарихи тахминан 250 йиллик Мовий Масжид ҳозирда шаҳар Эронликлар жамиятининг маданий маркази ҳисобланади. Шўролардан аввал Ереванда жами саккизта масжид мавжуд эди ва фақатгина Мовий Масжид кунимизгача етиб келгандир.Шўролар олиб борган даҳрийлик сиёсати ва динга қарши кураш натижасида Арманистонда бутун черковлар, монастирлар ва масжидлар вайрон қилинган эди.

XVIII асрда қурилган Мовий Масжиддан ташқари, Ереван атрофларида XIV асрда иншо этилган яна бир обида-туркман амирлари мақбараси ҳам сақланиб қолган. Мақбара ҳозирда Туркманистон элчихонаси томонидан ҳимоя қилинмоқда. У Еревандан 8 км.узоқликдаги Аргаванд қишлоғида жойлашгандир.

Туркман мақбараси

Шўро йилларида туркман мақбараси меъморий ёдгорлик сифатида Арманистон ССРнинг қурилиш ва архитектура ишлари бўйича Давлат Қўмитаси томонидан ҳимояга олинган эди. 2012-йили мақбарани Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов зиёрат қилди ва ва Арманистон ҳукуматига обидани биргаликда таъмирлашни таклиф қилди. 2015-йили мақбаранинг гумбази ва деворлари таъмирланди.

Ҳар икки обиданинг келиб чиқиши Озарбайжонга бориб тақалади ва шу туфайли ҳам икки давлат орасида бир неча бор тортишувлар бўлиб ўтган. Арманистон Мовий Масжидни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш тараддудида. Бу бино 99-йиллик муддатга Эрон элчихонасига маданий марказ сифатида фойдаланиш учун берилгандир.

Саида Дариева тайёрлади