2015 йилдан бери АҚШ полицияси зўравонлиги туфайли 400 мингдан ортиқ одам тиббий ёрдам олди

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, 2015 йилдан бери Қўшма Штатларда полиция зўравонлиги сабабли 400 мингдан ортиқ одам тиббий ёрдам олган.

NBC томонидан “Marshall Project” нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрланган ҳисобот Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) маълумотларига асосланган.

Ҳисоботда айтилишича, АҚШ хавфсизлик хизматларининг аксарияти ўз хизматчиларининг фуқаролар билан ўзаро алоқаси натижасида келиб чиққан ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилмайди.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, ҳибсга олишларнинг оз қисми куч ишлатиш билан амалга ошади, аммо куч ишлатилганда, ушбу ҳолатларнинг ярмидан кўпи қўлга олинганларнинг жароҳатланишига олиб келади.

Қўшма Штатларда ўтган йили Миннесотада қора танли фуқаро Жорж Флойд полиция қўлидан ўлдирилганидан кейин ва бошқа штатларда шунга ўхшаш бир қатор ҳолатларда полиция зўравонлигига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган.