Афғонистон шимолида Толибон ишғоли

Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшайдиган шимолий қисмидаги яна икки туман марказлари охирги 12 соатда бўлиб ўтган жанглар натижасида Толибон жангариларининг қўлига ўтди. Бу туманлар Жавзжон ва Фарёб вилоятларида жойлашгандир.

Жавзжон вилоят ҳокими ўринбосари Амруддин Донишжонинг айтишича, бу вилоятга  қарашли Мардиён тумани маркази шанба куни эрталаб жангариларга таслим бўлган.

Унинг айтишича, камида 16 нафар хавфсизлик кучлари ходимлари ўлдирилган ва 14 нафари асир олинган.

Фарёб вилоят ҳокими ўринбосари Абдулаҳад Бек ҳам ўтган жума кечаси вилоятнинг Хожа Сабзипўш тумани маркази шиддатли жанглардан сўнг Толибон қўлига ўтганини айтди.

Абдулаҳад Бек шунингдек Фарёбдаги хавфсизлик кучлари қўмондони Гул Ихтиёр Арабнинг ҳукуматнинг қўшимча ёрдам кучлари етиб келмагани сабаб  қўл остидагилари билан жангариларга таслим бўлганини ҳам қўшимча қилди.

Жавзжон ва Фарёб расмийлари ҳалигача бўлиб ўтган воқеалар борасида расмий баёнот бермадилар.

Шанба куни 209 рақамли Лочин корпуси Толибон ҳарбий қўмондонлиги раҳбари Суннатуллоҳ Мавлавийнинг ва 8 нафар бошқа кимсаларнинг жума куни Фарёб вилоятининг Қўштепа туманида афғон армияси томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди.

Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, охирги икки ой мобайнида Афғонистонда 30 дан ошиқ туманлар жангариларнинг қўлига ўтиб кетган. Мудоофа вазирлиги эса жума куни 13 та вилоятда ҳукумат кучлари ва Толибон ўртасида бўлиб ўтган жанглар ҳақида баёнот берган.