Афғонистоннинг кўча рассомлари

Охирги ойларда Афғонистонни АrtLords деб номланган оммавий ҳаракат қамраб олди. Унинг иштирокчиларининг мақсади-кўча санъати воситасида инсонлар орасида визуал мулоқот яратиш ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлашдир.

“Бу ҳаракатни 2014-йили бошладик. Мен бутун шаҳарни қоплаб олган портлашга қарши деворларга ортиқ тоқат қилолмайдиган ҳолга келдим.  Қобул мен учун ҳамиша гўзал шаҳар эди, аммо бу деворлар унинг кўркини бузади, бўғади. Нафас ололмайдиган бўлиб қолгандим”,-деб ҳикоя қилади АrtLords  ҳаракатининг асосчиси 34 яшар Умайд Шарифий.

Умайд яқин дўсти Кабир Мукаммалий ва яна 4 нафар дўстлари билан бирга шаҳар ҳокимлигидан бетон деворларга сурат чизишга рухсат олишади ва ишни бошлаб юборишади. Уларнинг мақсади эса-муҳим ижтимоий ўзгаришларга сабаб бўла оладиган сиёсий чақириқларни кўча санъати воситасида инсонларга етказиш эди.

Ҳозирда  ArtLords гуруҳининг 50 дан ортиқ иштирокчиси ва 100 га яқин кўнгиллилари бор. Улар мамлакатнинг 34 вилоятидан 22 тасида 2000 ошиқ деворларни суратлар билан безашга улгурдилар.

Суратларнинг бирида томошабинга бир жуфт улкан кўзлар қараб турибди, ёнида эса “мен сени кўриб турибман” ёзуви бордир. Бу сурат орқали рассомлар афғон жамиятини қамраб олган коррупцияга эътибор қаратмоқчи бўлишган. Бошқа бир деворда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича АҚШ нинг махсус вакили Залмай Халилзода ва Толибон ҳаракатининг асосчиларидан бири мулла Абдулғаний Бародарнинг 2020-йилнинг февралида имзоланган Америка-Толибон шартномасидан кейинги машҳур қўл сиқишуви тасвирланган.

Шарифийнинг айтишича, кўча рассомлари илк иш бошлашган пайтларда бутун кўчалар тирбанд бўлиб кетарди, чунки инсонлар тўхтаб, уларни томоша қила бошлашган. Рассомларга уларнинг ишидан норози кимсалар таҳдид ҳам қилишга улгуришган. Устига-устак, кўчада узоқ вақт давомида ишлаётган рассом ҳамиша бирон бир қуролли тўқнашув ёки портлашда қурбон бўлиши мумкин.

28 яшар рассом Йиманинг айтишича, у ва дўстлари кўчаларда мунтазам равишла ўлимга, парчаланган инсон жасадларига дуч келишади. Афсуски, бу ҳар бир Афғонистонлик учун оддий ҳаёт ҳақиқатига айланиб бўлган.