Алексей Навалний иккита даъво аризаларини қайтиб олди

Жорий йилнинг 7 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳозирда қамоқда сақланаётган мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний ўзи жазони ўтаётган Покров шаҳридаги қамоқхонанинг 2-сонли колонияси маъмуриятига қарши ёзган иккита даъво аризаларини қайтиб олди.

“Дожд” мустақил телеканалининг берган хабарларига кўра, Навалний ўзига етказиб берилган газеталарнинг “ноқонуний цензураси” га ва унинг китоблари қамоқхона маъмурияти томонидан ушлаб қолинишига қарши даъволаридан воз кечган.

“… кимдир менга етказиб берилиши керак бўлган газетадаги мақолаларни кесиб ташлаган. Биз бунда маъмуриятнинг қўли бор деб ўйлаган эдик, лекин улар (мақолаларни) қирқиб олмаганини айтишди. Мен даъвони қайтариб олмоқчиман…”, – дея тушунтириш берган Навалний.

Иккинчи ёзилган даъво аризаси тўғрисида гапирар экан Навалний, ўзи хоҳлаган китобларни олганини айтди. У китобларнинг унгача етиб келиши бир неча ой давом этганини, ҳозирда эса унда Қуръон китоби, Владимир Сорокиннинг энг сўнгги китоби, ҳаттоки Инжил ҳам борлигини айтмоқда.

Навалнийнинг шикоятларини кўриб чиқаётган Владимир вилояти Петушинский тумани суди иккала даъво аризалари бўйича иш юритишни ёпишга рози бўлди.

7 июнь куни бўлиб ўтган суд жараёнида Навалнийнинг адвокатлари мухолифатдаги сиёсатчи Владимирдаги маҳбуслар шифохонасидан кўчирилиб, яна Покровдаги 2-колонияга жўнатилгани ҳақида хабар беришди.